Ким Россияни қурол билан таъминлаш учун йирик завод қуришни бошлади
Олам
−
24 Июнь 8365 3 дақиқа
Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин Россияни қурол билан таъминлаш учун КХДР тарихидаги энг катта ҳарбий заводни қуришни буюрди. У Хичхон шаҳри яқинида жойлашган бўлади. Бу ҳақда Planet Labs сунъий йўлдош суратларига таяниб, “Bild” нашри хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, улкан объектнинг қурилиши аллақачон бошланган ва у мавжуд мудофаа корхонаси яқинида олиб борилмоқда. Янги ишлаб чиқариш цехларидан бири ёнидаги иншоотдан икки баравар катта ва мамлакатдаги энг йириги бўлиши кутилмоқда. Bild маълумотларига кўра, завод маҳсулотлари Шимолий Корея эҳтиёжлари учун эмас, балки Россияга экспорт қилиш учун мўлжалланмоқда.
Жорий ой Ким Чен Ин артиллерия машқлари ва КХДР Марказий ҳарбий комиссияси йиғилишини ўтказган. Унда “сиёсий ва ҳарбий аҳамиятга эга йирик қурилиш лойиҳалари” ҳамда мудофаа саноати ва илм-фан соҳасидаги янги дастурлар муҳокама қилинган. Бундан ташқари, у яқинда Чагандо вилоятидаги икки мудофаа корхонасига – реактив снарядлар ишлаб чиқариладиган Кангге трактор заводи ҳамда “Рёнха” механика заводига шахсан ташриф буюрган. Кангге заводида Ким снаряд ишлаб чиқариш ҳажми йилига ўртача кўрсаткичларга қараганда тўрт баробар, олдинги рекорддан эса деярли икки баробар ошганини айтиб, буни “мисли кўрилмаган ўсиш” деб атаган. Ушбу ўсиш Россияга Украинага қарши урушда фойдаланиш учун ўқ-дорилар етказиб берилиши билан бевосита боғлиқ. Ким бошқа мудофаа корхоналарига ҳам ушбу завод тажрибасини ўрганишни топширган.
Фридрих Науманн фондининг Сеулдаги Корея бўлими раҳбари Фредерик Спорнинг фикрича, Россияга қурол етказиб бериш Пхеняннинг валюта тушумларидаги энг муҳим манбалардан бирига айланган.
“Москва, эҳтимол, қуруқликдан учириладиган баллистик ракеталарга таянмоқда. КХДР эса бундай тизимларни, хусусан қисқа масофали КН-23 ракетасини етказмоқда”, дея тушунтирган эксперт.
Украина разведкаси хабарига кўра, Россия Шимолий Кореяга узоқ масофали камикадзе дронларини ишлаб чиқаришни ўргата бошлаган. КХДР ҳудудида “Геран” (Эроннинг Shahed-136 рус версияси) дронларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича келишувларга эришилган. Тайёр дронлар Россияга қайта олиб кирилиб, Украинадаги урушда қўлланилиши мумкин. Ҳозирда Россия ойига 2000 дона дрон ишлаб чиқармоқда, келгусида бу кўрсаткични 5000 тага етказишни режалаштирган.
Қайд этиш жоиз, сўнгги бир ой ичида Россия Президенти Владимир Путин икки маротаба хавфсизлик кенгаши котиби Сергей Шойгуни Шимолий Кореяга юборган. Жорий йилнинг 17 июнь куни Шойгу Президентнинг махсус топшириғи билан Пхеньянга борган. Россия Хавфсизлик кенгаши матбуот хизматининг хабар беришича, у ерда Шойгу Ким Чен Ин билан Россия ва КХДР ўртасидаги ҳар томонлама стратегик ҳамкорлик шартномасига мувофиқ учрашув ўтказган. Июннинг бошида ҳам Шойгу Ким билан учрашган, унда Украина фронтидаги вазият ҳамда янги шартноманинг айрим бандлари ижроси муҳокама қилинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сергей Шойгу Шимолий Корея Россияга 1000 нафар сапёр ва 5000 қурувчини юборишини ваъда қилганини айтган эди.
Live
Барчаси