Ким Чен Иннинг синглиси АҚШни “хаёл сурмасликка” чақирди
Олам
−
22 Июнь 2021
7855АҚШнинг Вашингтон ва Пхеньян ўртасидаги мулоқот тикланишига ишонаётгани Америка томонининг умидларини пучга чиқариши мумкин. Бу ҳақда Корея Халқ Демократик Республикаси етакчиси Ким Чен Иннинг синглиси, Корея Меҳнат партияси Марказий қўмитаси бўлими бошлиғи ўринбосари Ким Ё Чжон маълум қилган.
“Корейсларда ҳамма нарса талқинга боғлиқ, деган гап бор. АҚШ (бизнинг позициямизни — таҳр.) ўзига таскин берадиган тарзда талқин қилаётганга ўхшайди. Ўз-ўзидан пайдо бўлган сохта умидлар уларни янада умидсизликка солади”, деган Ким Ё Чжон.
Аввалроқ, Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин АҚШ расмийлари билан диалог ўтказишга ҳам, юзага келиши мумкин бўлган қарама-қаршиликка ҳам тайёр бўлиш кераклигини айтганди.
Шундан сўнг, АҚШ Президентининг Миллий хавфсизлик бўйича ёрдамчиси Жейк Салливан юқоридаги ҳолатни Америкага нисбатан “қизиқарли сигнал” деб атаган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил январь ойида Ким Чен Ин АҚШ КХДРнинг асосий душмани эканини айтганди. У давлатлар ўртасидаги муносабатлар Вашингтон душманлик сиёсатидан воз кечган тақдирдагина ўзгариши мумкинлигини маълум қилган.
LiveБарчаси