Ким Чен Ин Украинага “жанговар қуллар”ни юборди – “Bild”
Олам
−
22 Октябрь
11245Шимолий Корея дунёдаги энг шафқатсиз бўлинмаларидан бири сифатида ҳисобланувчи Корея Халқ армиясининг Ғарбий округ махсус бўлинмаси жангчиларини Украинадаги урушга юборган. Бу ҳақда Жанубий Корея разведкасига таяниб, “Bild” нашри хабар берди.
Нашр шарҳловчиси Петер Тиде ушбу аскарларни “жанговар қуллар” деб атаб, улар тўлиқ ахборот вакуумида ўсганини, интернетга, Ғарб ОАВларга ва мобил телефонларга кириш имконига эга бўлмаганини таъкидлади. Тидега кўра, улар болалигидан идеологик қайта тарбияланган, шунингдек, ҳарбийларда “НАТО шайтонлари”га нисбатан нафрат уйғотилган ва “севимли етакчи”га содиқлик ўргатилган.
Қайд этилишича, 5 октябрь куни Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин шахсан ушбу бўлинма лагерига ташриф буюрган. Унинг кўз ўнгида аскарлар ўз сафдошларининг устига қўйилган бетон плиталарни муштлари ва болғалари билан синдирган. Маълумотларга кўра, ушбу аскарлар гуруҳи илгари Ким Чен Ирни – Шимолий Кореянинг ҳозирги етакчисининг отасини қўриқлаган.
Жанубий Корея разведкаси маълумотларига кўра, Россия Хавфсизлик кенгаши котиби Сергей Шойгунинг 8-13 сентябрь кунлари бўлиб ўтган Пхеньянга ташрифидан олдин Россияга 1500 нафар Шимолий Корея ҳарбийлари олиб борилган. Сунъий йўлдошлар Чхонджин ва Хамхин портларидан Владивостокка тўрт десант кемаси ва учта Тинч океани флоти фрегатлари орқали уларнинг олиб келинганини қайд этган. Кейинчалик Владивосток ва Пхеньян ўртасида Россиянинг Ан-124 транспорт самолётлари рейслари сони ошгани кузатилган. Эҳтимол, аскарларни ташиш учун авиация ҳам ишлатилган.
Шунингдек, айни вақтда Хабаровск яқинидаги казармаларда камида 400 шимолий кореялик ҳарбий тайёргарликдан ўтаётгани айтилмоқда. Уларга сохта ҳужжатлар ва Россия паспортлари берилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Литва Ташқи ишлар вазири Габриэлюс Ландсбергис Россия Шимолий Корея аскарларини урушда иштирок этиш учун жалб қилганидан сўнг, Украинанинг Ғарб иттифоқчиларини ҳам қўшин юбориш ғоясига қайтишлари кераклигини айтган эди.
LiveБарчаси