Ким Чен Ин қизи билан ҳарбий заводни кўздан кечирди
Олам
−
10:36 2207 1 дақиқа
Бугун, 12 март куни Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин қизи Ким Жчу Э билан бирга тўппонча ва бошқа енгил қуроллар ишлаб чиқариладиган ҳарбий заводни кўздан кечирди. Бу ҳақда Корея Марказий ахборот агентлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, Ким Чен Ин Иккинчи иқтисодий қўмита таркибидаги муҳим ҳарбий корхонага ташриф буюриб, у ерда ишлаб чиқариш жараёни билан танишган. Ушбу қўмита мамлакатда ҳарбий маҳсулотларни режалаштириш ва ишлаб чиқариш учун масъул ҳисобланади.
Ташриф давомида Ким Чен Ин янги ишлаб чиқилган тўппончанинг жанговар имкониятларини ёпиқ ўқ отиш майдончасида синаб кўрган. Машғулотларда унинг қизи Ким Жчу Э ҳам қатнашиб, ҳарбий офицерлар билан бирга ўқ узган.

Шимолий Корея етакчиси завод фаолиятидан мамнунлигини билдириб, ишлаб чиқариш қувватини кенгайтириш ва жараёнларни модернизация қилиш бўйича кўрсатмалар берган. Бу ишлар мамлакатда эълон қилинган миллий мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш бўйича беш йиллик режа доирасида амалга оширилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин қизи Ким Жчу Э билан бирга стратегик қанотли ракета синовини кузатганди.