Ким Чен Ин дрон ишлаб чиқаришни кўпайтиришни буюрди

Олам

image

КХДР Миллий мудофаа академияси дрон институти мамлакат етакчиси Ким Чен Ин кузатуви остида камикадзе дронларини синовдан ўтказди. Бу ҳақда Корея марказий ахборот агентлиги хабар берди.

Расмий маълумотларга кўра, синовлар муваффақиятли ўтган – дронлар белгиланган йўналишлар бўйлаб учиб, нишонларни топиб, уларни йўқ қилган.

Ким Чен Ин камикадзе дронларини ишлаб чиқаришни кўпайтириш  ва Шимолий Корея армиясини тактик пиёдалар ва махсус операциялар бўлинмаларида фойдаланиш учун ушбу турдаги қуроллар билан тезкорлик билан жиҳозлашга чақирди.

Хусусан, агентлик ҳисоботида сув ости дронлари, ҳужумчи дронлар ва разведкачи учувчисиз учиш қурилмалари келтирилган.

2024 йилнинг бошида Шимолий Корея ядровий каллак билан жиҳозланиши мумкин бўлган Haeil-5-23 сув ости дрон тизимини синовдан ўтказаётганини эълон қилганди. КХДР Мудофаа вазирлиги бу АҚШ, Япония ва Жанубий Кореянинг Япон денгизида ўтказган 3 кунлик ҳарбий машғулотларига жавоб эканлигини маълум қилди.

Haeil-5-23 тизимининг мавжудлигини мустақил тасдиқлашнинг имкони йўқ. Пхеньяннинг билдиришича, сув ости учувчисиз самолёти илк бор 2023 йилнинг март ойида синовдан ўтказилган ва у душман кемалари ва муҳим портларга кутилмаган ҳужумлар уюштиришга қодир.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ КХДР ракета синовини муваффақиятли ўтказганини эълон қилганди.

Шунингдек, Украина Президенти Владимир Зеленский Россия армияси Киев вилоятига ҳаво ҳужумида Шимолий Корея ракетасидан фойдаланган бўлиши мумкинлигини айтганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Ким Чен Ин дрон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг