Километрларга чўзилган газ дарди

Жамият

Ўзбекистонга қиш келганини ҳаво ҳарорати пасайганидан ёки қор ёққанидан эмас, балки ёқилғи қуйиш шохобчаларидаги турнақатор навбатлардан билиш мумкин. Ҳар йили шу аҳвол, аслида. Хўш, ҳайдовчилар бир кунда неча соат вақтларини ёқилғи қуйиш шохобчаларидаги навбатларда ўтказмоқда?

Ҳайдовчилар орасида ўтказилган сўровномада улар яна ўтган йилдаги ҳолатлар такрорланаётганини, қиш фасли келиши билан метан газини топиш энг мушкул иш бўлиб қолишини, бир марталик ёқилғи қуйиш учун беш-олти соатлаб навбат кутишлари ҳақида гапирди:

“Эрталаб саккизда келганман, мана соат ўн иккидан ошди. Тўрт соатдан бери ўтирибмиз, лекин ҳали ҳам етиб борганимиз йўқ. Қачон газ бериш ёки бермаслиги ҳақида ҳам айтишмайди”, дейди ҳайдовчилардан бири.

Шунингдек, ҳайдовчилар йиллар давомида ҳеч бартараф этилмаётган муаммодан қаттиқ чарчагани ва бу аҳвол қачонгача давом этиши мумкинлигини билишмаслигини таъкидлади:

“Соат саккиздан бери турибман, бу аҳвол қачонгача давом этади, халқ тамом бўлди. Халқ эзилиб, адойи тамом бўлди. Мана шу аҳвол, тирикчилик қилиш керак, болаларни боқиш керак. Ўтган йили ҳам худди шу аҳвол эди”.

Бундан ташқари, ҳайдовчилар орасида тунни машинада навбат кутиб ўтказганлари ҳам бор:

“Эрталаб саҳар соат тўртдан бери мана совуқ ўтмасин деб қалин кийимлар кийиб ўтирибман. Уч кундан буён шу аҳвол, кеча ҳам туни билан шундай ётдим машинада, бошқа илож йўқ”.

Маълумот учун, кеча, 9 декабрь куни Энергетика вазирлиги автомобилларга газ қуйиш шаҳобчалари фаолиятига вақтинчалик чекловлар киритилаётганини маълум қилди. Чекловлар ортидан, мамлакат бўйлаб нафақат газ, балки бензин учун ҳам навбатлар кузатила бошлаган.

Гулираъно Жўрақулова


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

газ Ўзбекистон ёқилғи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг