ХВЖ Ўзбекистондаги валюта курсини “сузувчи” тоифасида таснифлади
Жамият
−
07 июл 3016 2 дақиқа
Халқаро валюта жамғармаси (ХВФ) Ўзбекистондаги валюта курсининг “сузувчи” режимини тан олди. Бу ҳақда жамғарма миссиясининг мамлакатга 2026 йилги ташрифи якунлари бўйича ҳисоботида сўз боради.
Қайд этилишича, валюта курси мослашувчанлигининг ижобий ортишини сақлаб қолиш ва уни валюта бозори операцияларини такомиллаштириш орқали қўллаб-қувватлаш зарур.
“Валюта курси мослашувчанлиги 2025 йил апрелидан буён ортиб бораётганини инобатга олиб, Халқаро валюта жамғармаси Ўзбекистоннинг амалдаги (de facto) валюта курси режимини “секин ўзгарувчи” (crawl-like) тоифасидан “эркин сузиб юрувчи” (floating) тоифасига қайта таснифлади”, дейилади ҳисоботда.
Жамғарма экспертлари иқтисодиётнинг ташқи шокларни ютиш салоҳиятини кучайтириш, халқаро захираларни ҳимоя қилиш, валюта рискларини ихоталашни рағбатлантириш ҳамда инфляцияни таргетлаш тизимининг самарали ишлашини таъминлаш учун ушбу ортиб бораётган мослашувчанликни сақлаб қолишни тавсия этган.
Мазкур мақсадга мувофиқ, экспертлар ХВФнинг Пул-кредит ва капитал бозорлари департаменти (MCM) томонидан тақдим этилган салоҳиятни ривожлантириш бўйича тавсияларни ҳаётга татбиқ этишга чақирган. Бу тавсиялар валюта бозорининг фаолиятини яхшилаш, жумладан, асоссиз интервенцияларни камайтириш мақсадида рискларга асосланган аниқ валюта интервенцияси стратегиясини ишлаб чиқишни ўз ичига олади.
Валюта бозори ликвидлигининг чуқурлашиши ликвидликни янада самарали бошқаришга кўмаклашади ва стерилизация харажатларини камайтиради. Пул-кредит ва капитал бозорлари департаменти томонидан қўллаб-қувватланаётган капитал ҳаракат ҳисобварағини либераллаштириш режаларига мувофиқ, капитал ҳаракатчанлиги ошиб бориши билан ушбу омилнинг аҳамияти вақт ўтиши билан янада ортиб боради.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Халқаро валюта жамғармаси Ўзбекистонни ички бозордаги рақобат муҳитини яхшилаш ва хусусий сектор ролини кучайтириш ҳамда имтиёзли кредитлаш ҳажмини босқичма-босқич қисқартиришга чақирганди.
Live
Барчаси