ХТВ ўзи йўқ формага миллиардлар ажратган Тошкент ҳокимлигига миннатдорлик билдирди
Жамият
−
29 Июль 2022
16341Аввалроқ, Халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов "ўқитувчилар учун ҳам ягона форма жорий этилаётганлиги ҳақида ҳеч қандай асосга эга бўлмаган маълумотлар тарқаётгани, вазирлик томонидан ўқитувчилар учун бундай талаб жорий этилмагани, бу оддий “фейк” хабар эканлигини" айтиб ўтганди. Бироқ, Тошкент шаҳар ҳокимининг иккита қарорига асосан умумтаълим мактаблари ўқитувчиларининг формалари учун умумий ҳисобда 15 млрд 700 миллион сўм миқдорида маблағ ажратилди.
Шу ўринда кўпчиликда савол тўғилгани табиий: ўзи йўқ форма учун ажратилган миллиардлаб пул қаерга кетди? Борингки, Саидов адашган тақдирда ҳам, ўқитувчи учун битта форма ўртача 1 млн 47 минг сўмга тушмаса керак. Ахир Ўзбекистонда бунча пул ўртача олиб қаралганда бир кишининг 15 кунлик иш ҳаққи ёки бир нечта оиланинг давлатга тўлаган солиғи миқдори билан тенг-ку!?
Хуллас мана шундай саволлар қийнаётган бир вақтда Халқ таълим вазирлиги Тошкент шаҳар ҳокимлигига ғамхўрлиги учун миннатдорлик билдириб қўя қолди. Бундан ташқари, бошқа ҳудуд ҳокимларини ҳам мана шундай ғамхўрлик қилишга чақирди.
“Тошкент шаҳар ҳокимлигининг пул ажратганлигига изоҳ сифатида Халқ таълими вазирлиги пойтахт мактаблари ўқитувчиларнинг ижтимоий ҳимояси йўлидаги мазкур ташаббусини қўллаб-қувватлашини ҳамда бу ғамхўрликдан миннатдорлигини билдириб ўтади. Бошқа ҳудуд ҳокимларини ҳам ўқитувчиларни қўллаб-қувватлашда фаолликка чақириб қолади”, дейилади хабарда.
Вазирликни қўшимча қилишича, мактаб ўқитувчилари учун мамлакат миқёсида белгиланган ва тасдиқланган ягона мажбурий форма тури мавжуд эмас.
Халқ таълими вазирлигининг 2020 йил 28 майдаги “Умумий ўрта таълим муассасасининг ички тартиб ва одоб-ахлоқ қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида” 131-сонли буйруғига асосан, тизим ходимларнинг ички тартиб ва одоб-ахлоқ қоидалари белгиланган. Унга кўра, ўқитувчилар мактаб даражасида белгиланган дресс-код талабларига риоя қилишлари зарур.
“Айтиш жоизки ўқитувчи жамиятнинг зиёли ва маърифат улашувчи аъзоси сифатида нафақат илми ва ахлоқи, балки кийиниш маданияти билан ҳам ёшларга ўрнак бўлиши мақсадга мувофиқ. Яъни ўқитувчиларнинг ўз касбига хос бўлган кийимда бўлиши, албатта, ўқувчиларда ўз устози шахсияти ва касбига бўлган ҳурматининг янада ошишига сабаб бўлади”, дейилади хабарда.
LiveБарчаси