Саидов “фейк” деган ўқитувчилар формасига Тошкент ҳокимлиги млрдлар ажратгани маълум бўлди
Жамият
−
29 Июль 2022
14338Хабарингиз бор, жорий йилнинг 27 июль куни брифингда Халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов "ўқитувчилар учун ҳам ягона форма жорий этилаётганлиги ҳақида ҳеч қандай асосга эга бўлмаган маълумотлар тарқаётгани, вазирлик томонидан ўқитувчилар учун бундай талаб жорий этилмагани, бу оддий “фейк” хабар эканлигини" айтиб ўтганди.
Энг аҳамиятлиси шуки, айнан шу куни Тошкент шаҳар ҳокимининг қарорига асосан маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан 15 минг нафар ўқитувчилар учун мактаб формаларига 12 млрд 700,0 миллион сўм миқдорида маблағ ажратилган.
Жорий йилнинг 26 июль куни эса Тошкент шаҳар ҳокимининг яна бир қарорига мувофиқ Республика бюджетининг 2022 йил иккинчи чорак даромадлари режасини орттириб бажарилган қўшимча манбасининг Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетига ажратилган қисми ҳисобидан умумтаълим мактаблари ўқитувчиларининг формалари учун 3 000,0 миллион (уч миллиард) сўм миқдорида маблағ тақсимланиши эълон қилинганди.
Иқтисодчи-блогер Отабек Бакировнинг ёзишича, агар икки қарор бўйича мактаб ўқитувчилари формасига йўналтирилаётган умумий маблағ ҳисобга олинса, ўқитувчи учун битта форма ўртача 1 млн 47 минг сўмдан тушмоқда.
“Афанди айтганидек, агар бу гўшт бўлса, мушук қани, агар бу мушук бўлса, гўшт қани?!”, деб ёзади Бакиров.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилдан мажбурий бўлиши кутилаётган мактаб ўқувчиларининг ягона мактаб формасини жорий қилиш 2025 йилгача қолдирилди. Шахсан вазир ягона форма босқичма-босқич жорий қилинишини айтди, бироқ айнан қандай босқичлар бўлишига аниқлик киритмади.
LiveБарчаси