ХТВ Гулистон ХТБ томонидан диндорлар ҳақорат қилинган агрессив постга изоҳ берди

Жамият

image

Кеча, 18 июль куни Гулистон шаҳар Халқ таълими бўлимининг Telegram саҳифасида мактаб ўқувчиларининг ҳижоб ўрашларига қарши агрессив пост эълон қилинди. Унда билдирилган фикрлар муҳокама ва эътирозларга сабаб бўлмоқда.

Ушбу постда Ўзбекистон дунёвий давлатлиги айтилиб, диний конфессияларнинг давлат ўрнатган тартиб-қоидаларга қаршилик билдириши мумкин эмаслиги урғуланади. 

“Давлат тасарруфидаги мактабларда ҳеч қандай диндорларнинг хоҳиш ва истаклари, талаблари инобатга олинмайди. Зеро, Ўзбекистонда дин давлатдан ажратилган. Биз шариат қоидаларига кўра иш кўрадиган давлат эмасмиз”, дейилади постда.

Шунингдек, ушбу постда диндорларга нисбатан бир неча ҳақоратомуз сўзлардан фойдаланилган. Жамоатчилик ва давлат ташкилоти ўртасида зиддият келтириб чиқармаслик мақсадида, ушбу постни тўлиқ эълон қилмасликни маъқул топдик. Устига-устак пост Халқ таълими бўлимининг Telegram-каналидан ўчириб юборилди. 

Тарқатилган ҳақоратларга тўла постга Халқ таълими вазирлиги матбуот котиби Лайло Рустамова муносабат билдириб, у соҳа ходимларнинг бепарволиги ва масъулиятсизлиги оқибатида каналга жойланганини маълум қилди. 

“Ҳолатни ўрганиш давомида агрессив мазмунда ёзилган ушбу пост Гулистон шаҳар халқ таълими бўлими номидан очилган саҳифада эълон қилингани ва кейинроқ пост ўчирилгани тасдиқланди. 

Қайд этиш лозимки, ушбу материал бошқа ижтимоий тармоқ саҳифаларидан олинган бўлиб, соҳа ходимларнинг бепарволиги ва масъулиятсизлиги оқибатида каналга жойланган. Лекин бу нарса ушбу ҳолатга йўл қўйган масъулни жавобгарликдан озод қилмайди”, дейди Лайло Рустамова.

Унинг сўзларига кўра, айни вақтда мазкур ҳолат бўйича Халқ таълими вазирлиги томонидан хизмат текшируви олиб борилмоқда ҳамда ушбу ҳолатга йўл қўйган масъул ходимларга тегишли чоралар кўрилиши таъминланади. 

У ўрганиш натижалари ҳамда кўрилган чоралар хусусида кун якунига қадар батафсил маълумот берилишини қайд этган.

“Шу ўринда соҳа ходимларидан ҳар қандай маълумот ёки постни эълон қилишдан олдин унинг мазмуни ва оқибати нималарга олиб келиши мумкинлигини, сўз масъулиятини унутмасликларини сўраб қоламиз”, дейди ХТВ матбуот котиби.


Мақола муаллифи

Теглар

Гулистон

Баҳолаганлар

599

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг