Хорватия Президенти Исроилнинг янги элчисини рад этди

Олам

image

Хорватия Президенти Зоран Миланович амалдаги Исроил ҳукуматининг сиёсати сабабли Исроилнинг Загребга тайинлаган янги элчисини тасдиқламаслигини маълум қилди. Бу ҳақда кеча, 18 май куни Президент матбуот хизмати ўз баёнотида маълум қилди.
 

“Исроил давлати томонидан таклиф этилган элчи республика президенти Зоран Милановичнинг розилигини олмаган ва олмайди ҳам”, дейилган баёнотда.

Миланович Исроил давлатининг янги элчиси лавозимига номзодни расман тасдиқламасдан туриб, Исроил томони уни оммага элчи сифатида эълон қилиб, “ёзилмаган дипломатик қоида”ни бузганини таъкидлаган.

Исроил Ташқи ишлар вазирлигининг баёнотида айтилишича, улар Хорватия томони билан Загребдаги кейинги Исроил элчисининг мақоми масаласини ҳал қилиш устида иш олиб бормоқда.

Янги элчи сифатида Ниссан Амдур тайинланиши режалаштирилган эди. Исроилнинг Ynet нашри маълумотига кўра, Амдур энди Хорватияга вақтинчалик ваколатли вакил (Chargé d’affaires) сифатида юборилиши мумкин. Бу лавозим учун президент тасдиғи талаб этилмайди.

Хабарларга кўра, бу Хорватия тарихида президент биринчи марта элчи номзодини рад этган ҳолат ҳисобланади. Миланович эса, элчиларни тасдиқлаш ёки рад этиш президентнинг суверен ҳуқуқи эканини таъкидлаган.

Маълумот учун, Хорватия ва Исроил ўртасидаги муносабатлар Ғазодаги ҳарбий ҳаракатлар ва Яқин Шарқдаги вазият сабабли таранглашиб келмоқда. Жорий йилнинг Февраль ойида Миланович Хорватия ҳарбийлари Исроил армияси билан ҳамкорлик қилмаслигини эълон қилган эди. Бу қарорни у халқаро гуманитар ҳуқуқнинг “қабул қилиб бўлмайдиган даражада бузилиши” билан изоҳлаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Европа Иттифоқи мамлакатлари ташқи ишлар вазирлари Ғарбий Соҳилда фаластинликларга қарши зўравонликларда айбланаётган Исроил ҳарбийларига қарши санкцияларни расман тасдиқлаган эди. 
 


Мақола муаллифи

Теглар

Европа Хорватия Исроил Зоран Миланович

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг