Хоразмдаги истироҳат боғининг дарахтлари кесиб ташланди
Жамият
−
13 Июль 2023
4659Хоразм вилоятининг Шовот туманида жойлашган “Комилжон Отаниёзов” номли дам олиш ва истироҳат боғида дарахтлар кесиб ташланди. Бу ҳақда Хоразм вилояти Экология бошқармаси Матбуот хизмати хабар берди.
Келтирилишича, жорий йилнинг 9 июль куни номаълум шахслар ўзларини тадбиркор сифатида кўрсатиб, боғдаги бир нечта дарахтларни кесиб ташлаган. Мазкур ҳолат бўйича, маҳалла фуқаролари томонидан жамоатчилик асосида ўтказилган назорат давомида номаълум шахсларнинг ҳаракати тўхтатилган. Ҳеч бир тадбиркорга боғ ҳудудидан ер ажратилмагани аниқланган.
Ҳолатга Ўзбекистон Экологик партияси муносабат билдириб, бундай салбий ҳолатларни кескин қоралаган ҳолда, ноқонуний дарахт кесганларга нисбатан қатъий чора кўрилишини сўраган.
Маълумотларга кўра, мазкур истироҳат боғи Шовот тумани ободонлаштириш бошқармаси тасарруфида. Хоразм вилояти Экология бошқармаси томонидан боғда 3471 дона манзарали дарахт хатловдан ўтказилган. Бошқарма бошлиғи унга мурожаат қилган фуқароларга боғдаги дарахтларни муҳофаза қилиш бўйича Шовот тумани ободонлаштириш бошқармасига огоҳлантириш хати берилганини маълум қилган. Аммо дарахтларни кесиш ишлари тўхтамаган.