Хоразмда ёш қизни гуруҳ бўлиб зўрлаганларга суд ҳукми ўқилди
3-саҳифа
−
26 Декабрь 2023
27084Жорий йилнинг апрель ойида Хоразм вилоятининг Янгиариқ туманида 2022 йилда 11 эркак 2007 йилда туғилган, вояга етмаган қизни (дастлаб 2006 йилда туғилгани айтилганди) зўрлагани ҳақида хабар берилган эди. Қизни зўрлаганликда гумон қилинган 11 эркакнинг 4 нафарига нисбатан суд ҳукми эълон қилинди. Бу ҳақда вилоят судлари маълум қилди.
Шу йилнинг 1 ноябрь куни жиноят ишлари бўйича Янгиариқ туман судида фуқаролар – Ж.Р. (2001 йилда туғилган), Ф.Р. (2002 йилда туғилган), О.О. (1998 йилда туғилган, мактаб ўқитувчиси) ва М.Ш. (2001 йилда туғилган)га оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни якунланиб, суд ҳукми эълон қилинган.
Ушбу ҳолат жиноят ишлари бўйича Янгиариқ туман судида ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқилган.
Суд ҳукмига мувофиқ Ж.Р., Ф.Р., О.О. ва М.Ш. 2022 йилда жабрланувчи Ш.Қ.га (2007 йилда туғилган) нисбатан Жиноят кодексининг олдинги таҳрирдаги 118-моддаси (номусга тегиш) 3-қисми “а” банди ва 119-моддаси (жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш) 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли, деб топилган. Фуқаро Ж.Р.га 11 йил, Ф.Р.га 11 йил, О.О. га 10 йил 1 ой ва М.Ш. га 11 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
“Биринчи инстанция судининг ҳукми устидан тарафлар қонунда белгиланган тартиб ва муддатда Хоразм вилоят судининг апелляция инстанциясига шикоят бериш ва протест келтиришга ҳақлилиги маълум қилинади”, дейилади хабарда.
Аммо вилоят судлари бу жиноятда дастлаб 11 киши айбланган бўлса-да, нега айнан 4 нафар шахсга нисбатан жазо тайинлангани, қолган шахсларга жазо қўллангани ёки қўлланмагани ҳақида маълумот бермаган.