Хоразмда ўқувчилар дарс пайтида мажбурий меҳнатга жалб қилингани айтилди
Жамият
−
22 Ноябрь 2023
5440Ижтимоий тармоқларда Хоразм вилоятининг Хива туманида мактаб ўқувчилари дарс пайтида мажбурий меҳнатга жалб қилингани ҳақида хабарлар тарқалди. Муҳокамаларга сабаб бўлган хабарларда тумандаги 5-сонли мактабнинг 11-синф ўқувчилари дарс пайтида ариқ қазигани келтирилган.
Вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ҳолат юзасидан муносабат билдирди. Унга кўра, мазкур ҳолат бошқарма мутахассислари ҳамда Хива тумани Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими Давлат меҳнат ҳуқуқи инспектори иштирокида ўрганилган.
Ўқувчилар билан суҳбатлашилганида ушбу ҳолат жорий йилнинг 20 октябрь куни содир бўлгани, улар мактабнинг чақириққа қадар бошланғич тайёргарлик фани ўқитувчисига ўз ихтиёрлари билан ёрдамлашганини ва бунга ҳеч ким мажбурламаганини билдирган.
“Ўрганиш хулосасига кўра, Хива тумани 5-сонли мактаб ўқувчиларининг мажбурий меҳнатга жалб қилингани ўз тасдиғини топмаганини маълум қиламиз”, дейилади муносабатда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қашқадарёда мактаб ўқувчилари пахта теришга жалб этилгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Бироқ мазкур ҳолат ҳам вилоят Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси Давлат меҳнат назорати инспекцияси томонидан ўрганилганида ўз тасдиғини топмаганди.
LiveБарчаси