Хоразмда мактаб ўқувчиларини ишлатган фермер жаримага тортилди
Жамият
−
19 Октябрь 2023
4453Аввалроқ Хоразм вилояти Қўшкўпир туманидаги 19-сонли мактаб ўқувчилари ушбу мактаб директорининг шоли даласида ишга жалб этилгани ҳақида хабар берган эдик. Сенат ҳузуридаги Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси мазкур ҳолат юзасидан ўрганиш натижаларини маълум қилди.
Унга кўра, Қўшкўпир туманидаги 19-сонли мактабнинг 9-синф ўқувчилари А.Қ., Б.Ш., А.О. ва Б.О.лар тумандаги “Дурдона” МФЙда жойлашган “И.Б.” фермер хўжалигига тегишли шоли даласида дарс машғулотларидан сўнг, ушбу хўжалик раҳбарининг таклифига асосан, маълум бир ҳақ эвазига ўрилган шолини тўплашга келишиб олгани аниқланган.
Яъни, мактаб директори томонидан ушбу ўқувчиларни шоли ўримига мажбурий жалб қилиниши билан боғлиқ хабарлар ўз тасдиғини топмаган.
Коммиссия ўрганиши давомида ўқувчилар, уларнинг ота-оналари, мактаб маъмурияти ва фермер хўжалиги раҳбари билан суҳбат ўтказилган. Суҳбат давомида мактаб маъмурияти томонидан ушбу ўқувчилар шоли ўримига мажбурий жалб қилиниши ҳолати ўз тасдиғини топмаган.
Аниқланган қонунбузилишлар юзасидан Қўшкўпир тумани “И.Б.” фермер хўжалиги раҳбари томонидан вояга етмаган шахсларга нисбатан меҳнат қонунчилиги ва болалар меҳнатидан уларнинг соғлиғига, хавфсизлигига ёки ахлоқ-одобига зиён етказиши мумкин бўлган ишларда фойдаланганлиги ҳолати Қўшкўпир туман судида кўриб чиқилган.
Суд қарори билан фермер Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-моддаси (Меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчиликни бузиш) 3-қисми ва 49.1-моддасида (Вояга етмаган шахсларнинг меҳнатидан фойдаланишга йўл қўйилмаслиги тўғрисидаги талабларни бузиш) назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этганликда айбли деб топилган.
Унга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдори (330 минг сўм)нинг 10 баробари (3 млн 300 минг) миқдорида жарима жазоси тайинланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қашқадарёда мактаб ўқувчилари пахта теришга жалб этилгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Бироқ мазкур ҳолат вилоят Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси Давлат меҳнат назорати инспекцияси томонидан ўрганилганида ўз тасдиғини топмаганди.