Хоразмда Халқаро физика ва математика мактаб-интернати ташкил этилди
Жамият
−
20 Март 2020
5939Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ал-Хоразмий номидаги Халқаро физика ва математика мактаб-интернатини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.
Қарорга мувофиқ, Хоразм вилояти, Шовот тумани, Комилжон Отаниёзов кўчаси, 65-уй манзилида жойлашган 1-сон ихтисослаштирилган давлат мактаб-интернати негизида Ал-Хоразмий номидаги Халқаро физика ва математика мактаб-интернати ташкил этилди.
Қарор билан халқаро мактабнинг асосий вазифалари белгиланди.
Жумладан, халқаро мактаб умумий ўрта таълимнинг давлат таълим стандартлари асосида замонавий ахборот технологияларидан кенг фойдаланган ҳолда аниқ ва табиий фанлар, шунингдек, чет тиллари чуқур ўқитилишини ташкил этади.
2020-2021 ўқув йилидан бошлаб халқаро мактабнинг 7-синфига 60 нафар ўқувчи қабул қилинади.
Шунингдек, халқаро мактабда:
• хориж фуқароси бўлган иқтидорли ўқувчилар шартнома асосида таълим олиши мумкин;
• хорижий мамлакатларнинг ўқув дастурлари татбиқ этилиши мумкин;
• хорижий мамлакатлардан ўқитувчиларни ишга қабул қилишга рухсат берилади.
Қарорга кўра, халқаро мактаб барча зарур жиҳозлар билан таъминланади ва мактаб учун 20 ўринли турар жой биноси қурилади.
Қарор билан Адлия вазирлигига ҳомийлик хайрияларини жамлаш учун ғазна ҳисобварағини очишга рухсат берилди.
LiveБарчаси