Хоразмда 14 кишида коронавирус аниқлангани беркитиляптими?

Жамият

image

Ижтимоий тармоқларда Хоразм вилоятида 14 нафар одамда коронавирус аниқлангани ва бу Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳисоботида акс этмагани борасида хабар тарқалди. Шу муносабат билан вазирлик расмий баёнот билан чиқди.

"Ижтимоий тармоқларда Хоразм вилоятида 4 июнь куни 14 кишида коронавирус инфекцияси аниқлангани, лекин бу маълумот Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳисоботида акс этмаганига оид хабарлар тарқалди. Рўйхатдаги 14 кишига оид маълумотлар батафсил келтирилиши билан бирга маълумот муҳрланган ҳамда масъул шахс томонидан имзоланган. Шу масала бўйича қуйидагиларни маълум қиламиз:

Бир нарсани унутмаслигимиз шарт – бир марта мусбат натижа олингани Cовид-19 коронавирус инфекциясига оид якуний хулоса бермайди. Мусбат натижали таҳлиллар СEОМ вирусология лабораторияларида қайта текширувдан ўтказилади ва фақат шундан кейингина узил-кесил ташхис қўйилади.

Хоразмдаги ҳолатга келсак, бу фақат дастлабки натижалар бўлиб, рўйхатдаги шахсларнинг инфекцияга чалинганини англатмайди. Таҳлиллар албатта қайта текширилиши лозим ва бу ҳолат бўйича расмий маълумот берилади.

Фурсатдан фойдаланиб, тасдиқланмаган ва фуқаролар шахсига оид маълумотларни тарқатиш жиноий жавобгарликка тортилишини эслатиб ўтмоқчиман.

Шунингдек, қайта текширув усули соғайган деб ҳисобланган беморларга нисбатан ҳам қўлланилади. Яъни 14 кунлик тиббий кузатув ва даволаниш якунига кўра илк текширувда вирус аниқланмаган тақдирда ҳам биз яна бир марта таҳлил оламиз ва қайта текширамиз. Шундан кейингина бемор бутунлай соғайгани ҳақида хулоса берамиз.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги бу касалликка оид барча маълумотларни кун давомида узлуксиз янгилаб бормоқда ва ҳаммаси шаффоф тарзда эълон қилинмоқда. Фуқароларимиздан фақат расмий маълумотларга таянишларини сўраб қоламиз", дейилади баёнотда

Аввалроқ, мамлакатда карантин қоидалари юмшатилгани ҳақида хабар берган эдик. Унга кўра, масжидлар, ресторанлар, боғчалар, ўқув марказлари ва буюм бозорлар очилишига рухсат берилган эди.

 

Мақола муаллифи

Теглар

Хоразм Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмий баёнот

Баҳолаганлар

292

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг