Расман! Ўзбекистонда масжидларнинг очилиш санаси ўзгарди
Жамият
−
04 Июнь 2020
24140Аввалроқ, Ўзбекистонга коронавирус инфекциясини кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссиясининг навбатдаги қарори билан жорий йил 5 июндан “яшил” ҳудудларда диний ташкилотлар фаолиятига рухсат берилгани ҳақида хабар берган эдик.
Бугун, 4 июнь куни Республика махсус комиссияси мазкур қабул қилинган қарорга изоҳ берди. Унга кўра, “яшил” ҳудудларда диний ташкилотлар фаолияти 5 июнь кунидан эмас, балки 8 июнь кунидан бошланади.
Маълум қилинишича, диний муассасаларда (масжидлар, черковлар) уларнинг фаолияти қайта йўлга қўйишда хавфсизликни таъминлаш учун 5-8 июнь кунлари бир қатор тайёргарлик чоралари кўрилади. Бу чораларга қуйидагилар киради:
- дезинфекция қилиш;
- ижтимоий масофани сақлашни (камида 1,5 -2 метр) таъминлаш учун зарур бўлган махсус белгилар, зарур жиҳозлар (пирометрлар, санитария ва дезинфекциялаш воситалари, санитария гиламлари ва бошқалар) билан таъминлаш;
- диний муассасалар ишчилари билан ўқув семинарлари ва бошқалар.
“Мана шу чоралар барчаси амалга оширилгач, тўлиқ хавфсизлик таъминлангач, диний муассасалар, масжидлар 2020 йил 8 июндан бошлаб фақат “яшил” ҳудудларда фаолиятини бошлайди. Бунда санитария-эпидемиология меъёрларига қатъий риоя қилган ҳолда (ҳимоя ниқобларини мажбурий кийиш шарти билан), шунингдек, ижтимоий масофа сақлаган (ташриф буюрувчилар орасидаги масофа камида 1, 5-2 метр) ҳолда намоз ўқиш мумкин бўлади”, дейилади изоҳда.
Таъкидланишича, фуқароларнинг касалликни номаълум манбалардан юқтириши ва аҳоли ўртасида коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида ҳозирча оммавий диний тадбирлар (жума намози, якшанба ибодатлари ва бошқалар) ташкил этиш тақиқланади.
LiveБарчаси