Хоразм ҳокими сенаторликка сайланди
Жамият
−
18 Июнь 2023
5411Хоразм вилояти ҳокими Жўрабек Раҳимов Олий Мажлис Сенати аъзолигига сайланди. Бу ҳақда Марказий сайлов комиссияси хабар берди.
Жорий йилнинг 16 июнь куни Урганч шаҳридаги вилоят мусиқали драма театри биносида халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларининг қўшма йиғилиши бўлиб ўтган. Унда Марказий сайлов комиссияси Раиси Зайниддин Низомхўжаев иштирок этган.
Сайлов яширин овоз бериш йўли билан амалга оширилган ва Хоразм вилояти ҳокими Жўрабек Раҳимов Олий Мажлис Сенати аъзолигига сайланган.
Маълумот учун, Жўрабек Раҳимов жорий йилнинг 31 март куни Хоразм вилояти ҳокими лавозимига тайинланганди. Бунгача у 2022 йилдан бери Хоразм вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи сифатида ишлаб келаётган эди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 13 июнь куни Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов, 15 июнь куни эса Сирдарё вилояти ҳокими Акмал Маҳмудалиев Олий Мажлис Сенати аъзолигига сайланганди.