Хоманаийнинг жасади топилди ва унинг ўлими тасдиқланди – “Reuters”

Олам

image

86 ёшли Эрон Олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Хоманаий Исроил зарбалари оқибатида вафот этди ва унинг жасади топилди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.

Шунингдек, “The Jerusalem Post”нинг ёзишича, Али Хоманаий Исроилнинг Теҳронга берган зарбаси оқибатида ўлдирилган. Исроилнинг юқори мартабали расмийларига унинг жасади Исроил авиацияси зарбаси оқибатида юзага келган вайроналар остидан топилгани ҳақида маълумот берилган.

Хабар қилинишича, Хоманаий жасадининг суратлари Бош вазир Биньямин Нетаньяхуга кўрсатилган. Нетаньяху ҳам телевидение орқали қилган мурожаатида Хоманаий ўлдирилганига доир “борган сари кўпайиб бораётган далиллар” мавжудлигини айтган, бироқ қўшимча тафсилотларни келтирмаган.

Хоманаий 1989 йилдан бери Эронни бошқариб келаётган эди. Олий раҳбар сифатида у ушбу Ислом Республикасидаги ҳукуматнинг барча тармоқлари, ҳарбийлар ва суд тизими устидан мутлақ ваколатга эга эди.

Деярли қирқ йил давомида Хоманаий Форс кўрфази бўйидаги сунний мусулмон давлатлари билан рақобатлаша оладиган минтақавий кучни барпо этди ва шу билан бирга атрофдаги минтақани саросимага солган ядро технологияларини ривожлантирди.

Эрон АҚШ ва Исроилга нисбатан муросасиз душманлик кайфиятида бўлиб келган, айни пайтда мамлакат ичидаги такрорий тартибсизликларни бостирган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Али Хоманаийнинг Теҳрондаги қароргоҳи бутунлай вайрон қилингани ҳақида хабар берилган эди. Airbus Defence and Space компанияси томонидан олинган аэрофотосуратлар эълон қилинди. NYT маълумотларига кўра, объект Исроил ҳарбий-ҳаво кучларининг зарбалари оқибатида вайрон бўлган.

Бироқ Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи NBC телеканалига берган интервьюсида Али Хоманаий ва мамлакат Президенти Масъуд Пезешкиён тирик эканини маълум қилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

жасади Оятуллоҳ Али Хоманаий Хоманаий

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг