Хоманаийнинг ўғли, куёви ва келини ҳам ўлдирилди
Олам
−
03:18 11845 3 дақиқа
АҚШ ва Исроил томонидан Эрон пойтахти Теҳронга уюштирилган ракета ҳужумлари оқибатида Эрон Олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаийнинг ўғли, куёви ва келини ҳалок бўлди. Бу ҳақда “Al Hadath” хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, уларнинг ўлимини Теҳрон мэрияси вакили Мейсам Музаффар тасдиқлаб, Ислом Республикаси раҳбарининг яқинлари вафот этганини билдирган.
Зарба қурбонлари орасида нуфузли эронлик сиёсатчининг қизи Заҳра Ҳаддад-Адел ва унинг турмуш ўртоғи – Хоманаийнинг ўғли ҳам бор.
Маҳаллий ҳокимият маълумотларига кўра, улрга қарши ҳужум АҚШ ва Исроил томонидан биргаликда ташкил этилган кенг кўламли операциянинг бир қисми бўлган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Reuters” исроиллик юқори лавозимли шахсга таяниб, Оятуллоҳ Али Хоманаий ўлдирилгани, унинг жасади топилиб, сурати Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяхуга кўрсатилгани ҳақида хабар берган эди. Бироқ ҳали бу хабар Эрон томонидан тасдиқланмади. Шунга қарамай, АҚШ Президенти Дональд Трамп ҳам ўзининг Trush Social ижтимоий тармоғидаги саҳифасида Оятуллоҳ Али Хоманаий ўлдирилганини эълон қилди.
АҚШ–Исроил–Эрон уруши
Кеча, 28 февраль куни Исроил кутилмаган вақтда Эронга қарата ҳаводан зарбалар йўллади. Ушбу зарбалар Эроннинг муҳим объектлари – Президент қароргоҳи, давлат идоралари ва ядро иншоотларига теккани иддао қилинмоқда. Эроннинг “Mehr” ахборот агентлиги Теҳрондаги Эрон разведка биносига ҳам ҳужум қилинганини ёзган. Исроил томонидан старт берилган операция “Еҳуда қалқони” деб номланган. Дастлабки манбаларга кўра, Эронга ўттиздан ортиқ ракеталар йўлланган бўлиши мумкин.
Орадан бироз вақт ўтиб Исроил Мудофаа кучлари Эронга ҳужумни расман тасдиқлаган. Шунингдек, Мудофаа вазирлиги Исроил фуқароларидан хавфсиз жойга яширинишни сўраган. Мамлакатда шошилинч равишда фавқулодда ҳолат эълон қилинган.
Шу орада АҚШ Президенти Дональд Трамп Эрон бўйича операциялар ҳақида 8 дақиқалик баёнот берган ва унда Эронга қилинган ҳужумда АҚШнинг иштирок этганини тасдиқлаган. Унинг қайд этишича, Эронга қилинган ҳарбий опреациялар Америка халқини ҳимоя қилиш учун амалга оширилмоқда. У ўз баёнотида эронликларни амалдаги тузумни ағдаришга чақирган. Трамп Эрон ҳарбий хизматчиларига таслим бўлишни ва бунинг эвазига «иммунитет» олишни таклиф қилди ёки “муқаррар ўлим”ни танлашлари мумкинлигини айтган.
Қолаверса, барча воқеаларни бир четдан кузатиб турган Эрон собиқ валиаҳд шаҳзодаси Ризо Паҳлавий ҳам Эрон халқига мурожаат қилиб, мамлакат учун ҳал қилувчи лаҳзалар келганини таъкидлаган. Шунингдек, у бу сўнгги жанг эканини ва унда Эрон халқи Ислом Республикаси тузуми устидан ғалаба қозонишини таъкидлаган.
Орадан кўп вақт ўтмай энди Эрон Исроил давлати ҳудудига қарата зарба йўллашни бошлади.
Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху ҳам ҳужумларни тасдиқлаб, баёнот берган. Унга кўра, Исроил ва АҚШнинг Эронга қарши қўшма операцияси Эрон террор режими келтириб чиқараётган таҳдидни бартараф этишга қаратилган. Нетаньяху махсус мурожаатида сўнгги 47 йил давомида Эрон раҳбарияти Исроил ва АҚШга қарши очиқ таҳдидлар қилган ҳамда минтақада зўравонлик сиёсатини юритганини айтган.
Live
Барчаси