Хоманаийнинг тобути Ироқнинг Нажаф шаҳрига олиб борилди (видео)
Олам
−
09:50 4955 2 дақиқа
АҚШ ва Исроилнинг 28 февраль куни амалга оширган ҳужумида ҳалок бўлган Эрон олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаийнинг тобути Эрондаги дафн маросимларидан сўнг кеча, 7 июль куни Ироқнинг шиалар учун энг муқаддас қадамжолардан бири Нажаф шаҳрига олиб келинди. Бу ҳақда Ироқ давлат телевидениелари хабар берди.

Маълум қилиниишича, тобутни Нажаф халқаро аэропортида Ироқ Бош вазири Али ал-Заидий ва мамлакатнинг юқори мартабали расмийлари кутиб олган. У ерда дафн маросимлари ва оммавий мотам юриши ўтказилиши режалаштирилган.

Нажаф шаҳри бутун дунё шиалари учун алоҳида аҳамиятга эга бўлиб, у ерда Муҳаммад пайғамбарнинг куёви Имом Али дафн этилган.
Қайд этилишича, Эрон Президенти Масъуд Пезешкиён ҳам маросимларда иштирок этиш учун Нажафга етиб келган. Аэропортдаги расмий кутиб олиш маросимида Ироқ сиёсий раҳбарлари ва шиа диний арбоблари иштирок этган. Ироқ ҳокимияти Нажафга мамлакатнинг турли ҳудудлари ҳамда қўшни давлатлардан кўплаб мотам тутувчилар келиши муносабати билан хавфсизлик чораларини кучайтирган.

Режага кўра, тобут шаҳар бўйлаб оммавий мотам юришида олиб ўтилади. Бугун, 8 июль куни бўлиб ўтадиган ушбу тадбирга кўп сонли одамлар келиши кутилмоқда. Маросимлар Ироқнинг Карбало шаҳрида давом эттирилади. Ҳафта охирига бориб эса тобут яна Эронга қайтарилиб, Машҳад шаҳрида дафн этилиши режалаштирилган.

Ўтган ҳафта охирида бошланган Эрон давлати ташкил этган дафн маросимлари диний хотира тадбири бўлиш билан бирга, қарийб қирқ йил мамлакатни бошқарган раҳбар вафотидан кейин Ислом Республикасида давлат бошқаруви узлуксиз давом этаётганини намоён этиш мақсадини ҳам кўзлайди.
Маросимлар аввал Теҳронда ўтказилди, шундан кейин тобут шиалар диний маркази ҳисобланган Қум шаҳрига олиб борилди ва у ердан Ироққа етказилди.
Эслатиб ўтамиз, Эроннинг ҳалок бўлган олий раҳбари, Оятуллоҳ Али Хоманаийнинг уч ўғли – Мустафо, Майсам ва Масъуд Хоманаий 5 июль куни Теҳронда ўтказилган жаноза маросимида отаси ҳамда у билан бирга ҳалок бўлган яна тўрт нафар оила аъзосининг тобутлари ёнида жаноза намозида иштирок этганди.
Live
Барчаси