Хоманаийнинг қароргоҳи ер билан яксон қилинди
Олам
−
28 Февраль 9556 3 дақиқа
Бугун, 28 февраль куни Эрон Олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Хоманаийнинг Теҳрондаги қароргоҳи Исроил зарбалари оқибатида бутунлай вайрон қилинган. Бу ҳақда “The New York Times” хабар берди.
Нашр Airbus Defence and Space компанияси томонидан тақдим этилган аэрофотосуратларни эълон қилган. Кадрларда вайрон бўлган бино муҳрланган. NYT маълумотларига кўра, объект Исроил ҳарбий-ҳаво кучларининг зарбалари оқибатида вайрон бўлган.
Нашрнинг ёзишича, Хоманаийнинг ўзи жабрланмаган, у аввалроқ хавфсиз жойга олиб чиқилган.
Эслатиб ўтамиз, сўнгги ойларда 86 ёшли Ҳоманаий деярли жамоатчиликка кўриниш бермаган. 2025 йил июнь ойида Исроил томонидан юқори лавозимли амалдорлар ва стратегик объектларга қарши амалга оширилган ҳужумлардан сўнг ҳам у хавфсизлик нуқтаи назаридан ер ости бункерига кўчирилган. Айрим маълумотларга кўра, Олий раҳбар охирги 30 кун давомида очиқ майдонда умуман кўриниш бермаган.
“Ynet” нашрига кўра, сўнгги вақтларда Ҳоманаий билан учрашадиган юқори лавозимли амалдорлар ҳам унинг жойлашуви сир тутилиши учун кўзлари боғланган ҳолда ер ости бункерига олиб борилган. Хабарларда таъкидланишича, ҳатто Эрон Олий миллий хавфсизлик кенгаши котиби Али Ларижоний ҳам Уммондаги музокараларга жўнаб кетишидан олдин Олий раҳбар билан учрашувга кўзлари боғланган ҳолда борган.
АҚШ–Исроил–Эрон уруши
Бугун, 28 февраль куни Исроил кутилмаган вақтда Эронга қарата ҳаводан зарбалар йўллади. Ушбу зарбалар Эроннинг муҳим объектлари – Президент қароргоҳи, давлат идоралари ва ядро иншоотларига теккани иддао қилинмоқда. Эроннинг “Mehr” ахборот агентлиги Теҳрондаги Эрон разведка биносига ҳам ҳужум қилинганини ёзган. Исроил томонидан старт берилган операция “Еҳуда қалқони” деб номланган. Дастлабки манбаларга кўра, Эронга ўттиздан ортиқ ракеталар йўлланган бўлиши мумкин.
Орадан бироз вақт ўтиб Исроил Мудофаа кучлари Эронга ҳужумни расман тасдиқлаган. Шунингдек, Мудофаа вазирлиги Исроил фуқароларидан хавфсиз жойга яширинишни сўраган. Мамлакатда шошилинч равишда фавқулодда ҳолат эълон қилинган.
Шу орада АҚШ Президенти Дональд Трамп Эрон бўйича операциялар ҳақида 8 дақиқалик баёнот берган ва унда Эронга қилинган ҳужумда АҚШнинг иштирок этганини тасдиқлаган. Унинг қайд этишича, Эронга қилинган ҳарбий опреациялар Америка халқини ҳимоя қилиш учун амалга оширилмоқда. У ўз баёнотида эронликларни амалдаги тузумни ағдаришга чақирган. Трамп Эрон ҳарбий хизматчиларига таслим бўлишни ва бунинг эвазига «иммунитет» олишни таклиф қилди ёки “муқаррар ўлим”ни танлашлари мумкинлигини айтган.
Қолаверса, барча воқеаларни бир четдан кузатиб турган Эрон собиқ валиаҳд шаҳзодаси Ризо Паҳлавий ҳам Эрон халқига мурожаат қилиб, мамлакат учун ҳал қилувчи лаҳзалар келганини таъкидлаган. Шунингдек, у бу сўнгги жанг эканини ва унда Эрон халқи Ислом Республикаси тузуми устидан ғалаба қозонишини таъкидлаган.
Орадан кўп вақт ўтмай энди Эрон Исроил давлати ҳудудига қарата зарба йўллашни бошлади.
Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху ҳам ҳужумларни тасдиқлаб, баёнот берган. Унга кўра, Исроил ва АҚШнинг Эронга қарши қўшма операцияси Эрон террор режими келтириб чиқараётган таҳдидни бартараф этишга қаратилган. Нетаньяху махсус мурожаатида сўнгги 47 йил давомида Эрон раҳбарияти Исроил ва АҚШга қарши очиқ таҳдидлар қилган ҳамда минтақада зўравонлик сиёсатини юритганини айтган.
Live
Барчаси