Хоманаий Исроил зарбаларидан бункерда яширинган – ОАВ

Олам

image

Эрон олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Хоманаий Исроилнинг мамлакатга қарши операцияси бошланганидан бир неча соат ўтиб ерости бункерига паноҳ топди. Бу ҳақда бугун, 16 июнь куни манбаларга таяниб, “Iran International” хабар берди.

Уларнинг маълумотларига кўра, Хоманаий жойлашган объект Теҳроннинг шимоли-шарқида, Лависан туманида жойлашган. Унинг оила аъзолари ҳам Олий раҳбар ҳузурида.

Нашрнинг қайд этишича, Исроилга қарши олдинги амалиётлар чоғида – 2024 йилнинг апрель ва октябрь ойларида ҳам – Оятуллоҳ ушбу бункердан паноҳ топган. “Iran International” манбаларидан бирига кўра, Исроил 15 июнь куни яҳудий давлатидан 2,3 минг км узоқликда жойлашган Машҳад аэропортига Хоманаий ўзини ҳеч қаерда хавфсиз ҳис қила олмаслигини кўрсатиш учун зарба берган.

“Reuters” агентлиги америкалик расмийларга таяниб, АҚШ Президенти Дональд Трамп Исроилнинг Хоманаийни йўқ қилиш режасига “вето қўйгани” ҳақида хабар берган эди. Агентлик манбаларидан бирига кўра, Эрон Америка фуқароларига тўғридан тўғри ҳужум қилмагунча, Вашингтон бундай чораларни тасдиқлашга тайёр эмас.

Исроил Миллий Хавфсизлик Кенгаши раҳбари Цахи Ханегби бу хабарни “фейклар мамлакатидан олинган фейк” деб атади. Ўз навбатида, Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху ҳам бу хабарларни рад қилиб, Исроил нимани лозим топса, уларнинг барчасини амалга оширишини маълум қилди. “The Wall Street Journal” эса исроиллик амалдорга таяниб, Исроилнинг Эронга қарши ҳарбий амалиёти контекстида Хоманаий “дахлсизлик остида эмаслигини” ёзди. 

Бундан олдин Эрон халқаро манбалари Олий раҳбарнинг идораси раҳбари ўринбосари Али Асғар Ҳижозий Россия расмийлари билан вазият янада ёмонлашса, мамлакатни тарк этиш имконияти ҳақида яширин музокаралар олиб бораётганини даъво қилган эди. Нашр манбаларига кўра, Эроннинг бошқа юқори мартабали амалдорлари ҳам худди шундай келишувларга эга.


Мақола муаллифи

Теглар

Эрон Исроил Оятуллоҳ Али Хоманаий

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг