ХОҚ спортдаги коррупцияга қарши курашни давом эттиради – Томас Бах
Спорт
−
09 Ноябрь 2021
2531Халқаро олимпия қўмитаси (ХОҚ) раҳбари Томас Бах ташкилот коррупцияга қарши курашга алоҳида эътибор қаратишини маълум қилди. 67 ёшли мутахассис бу ҳақда спортдаги коррупцияга қарши курашга бағишланган халқаро онлайн форумда айтиб ўтди.
“ХОҚ спортдаги коррупцияга қарши курашни давом эттиради, биз буни халқаро даражада миллий федерациялар томонидан биргаликда амалга оширамиз. Токио Олимпиадасида коррупция билан боғлиқ бирорта ҳам ҳолат кузатилмаган. Бу биз муваффақиятга эришишимиз, кучлироқ ва тезроқ эканимизни кўрсатди. Шунинг учун биз Олимпия шиорини “тезроқ, баландроқ, кучлироқ ва биргаликда” тарзида янгиладик”, дейди Бах.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг октябрь ойида Грециянинг Крит оролида ўтказилган Миллий олимпия қўмиталари ассоциацияси (МОҚА)нинг Бош Ассамблеяси бўлиб ўтгани ҳақида хабар берган эдик.
Ўшанда Халқаро олимпия қўмитаси президенти Томас Бах, МОҚАнинг амалдаги раҳбари Робин Митчель ва бошқа мутасаддилар иштирок этиб, кун тартибидаги масалалар юзасидан ўз фикрларини билдириб ўтган. Маросимда Бах нутқ сўзлаб, ортда қолган Токио-2020 Олимпия ўйинларини муваффақиятли ташкил этишга ёрдам берган Япония ҳукуматига Олимпия оиласи номидан миннатдорлик билдирган эди.