Ўзбекистон МОҚ вакиллари халқаро конференцияда иштирок этди
Спорт
−
26 Октябрь 2021
2571Грециянинг Крит оролида ўтказилган Миллий олимпия қўмиталари ассоциацияси (МОҚА)нинг навбатдаги Бош Ассамблеяси ўз ишини якунлади. Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Қосимов бошчилигидаги делегация ҳам ушбу Ассамблеяда қатнашди.
Икки кун давом этган Ассамблеянинг илк кунида Халқаро олимпия қўмитаси президенти Томас Бах, МОҚАнинг амалдаги раҳбари Робин Митчель ва бошқа мутасаддилар иштирок этиб, кун тартибидаги масалалар юзасидан ўз фикрларини билдириб ўтди. Маросимда Томас Бах нутқ сўзлаб, ортда қолган Токио-2020 Олимпия ўйинларини муваффақияти ташкил этишга ёрдам берган Япония ҳукуматига Олимпия оиласи номидан миннатдорлик айтди.
Эпидемиологик вазият сабабли ташкилотга аъзо 205 давлатдан 155 таси онлайн иштирок этди. Бу коронавирус пандемияси бошлангандан бери спорт ташкилотлари раҳбарларини бирлаштирган энг катта тадбир сифатида қайд этилди.
Режага кўра, Бош Ассамблея давомида коронавирус сабаб минтақаларда Олимпия ҳаракатини ривожлантириш йўлида юзага чиққан масалалар ўрганилиб, мавжуд муаммоларни бартараф этиш чоралари ва янги стратегик режалар муҳокама қилинди.
Ойбек Қосимов бошчилигидаги делегация вакиллари Халқаро Олимпия қўмитаси президенти Томас Бах, МОҚА раҳбари Робин Митчель ва ташкилот Бош котиби Гунилла Линдберг, Бутунжаҳон таэквондо WТ федерацияси президенти Чунгвон Чой, Халқаро камондан отиш федерацияси ва Туркия МОҚ президенти Угур Эрденер, Бутунжаҳон енгил атлетика федерацияси биринчи вице-президенти ва Украина МОҚ президенти Сергей Бубка, Россия Олимпия қўмитаси президенти Станислав Поздняков билан учрашиб, маросимда кўтарилган масалалар юзасидан ўзаро фикр алмашишди ва уларни 2-4 ноябрь кунлари Тошкентда бўлиб ўтадиган Халқаро форумга таклиф этишди.
Маълумот учун, МОҚА 1979 йилда жаҳондаги барча Олимпия қўмиталарининг қизиқишларини ўрганиш, манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида ташкил этилган. Ташкилотнинг сўнгги маросими 2019 йил Қатарнинг Доҳа шаҳрида бўлиб ўтган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь