Хоҳлаган ишни қиладиган давр ўтди – Алламжонов мутасаддиларни ОАВ билан курашни тўхтатишга чақирди
Жамият
−
01 Октябрь 2020
7444Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов ОАВ ва блогерларга босим ўтказишни қоралаб, улар билан ҳамкорлик қилиш ва тўғри ишлаш кераклигини айтиб чиқди.
Комил Алламжоновнинг сўзларига кўра, матбуот соҳасида қабул қилинган ҳар қандай қонун, журналист ва блогерларни ҳуқуқий томондан янада чиниқтиради. Аммо соҳа вакиллари ҳеч нимага қарамай ёзишда давом этаверади.
“Бу касб эгаларига жазо қанчалик оғир бўлса, шунчалик хато қилмасликка ҳаракат қилади, ўз устида ишлайди. Ижодкор халқи шунақа бўлади”, дейди Алламжонов.
Унинг таъкидлашича, жазо қанчалик оғир бўлса, ижодкорлар йў хато қилмай ёзишга ёки яширинча ижод қилишга ўтади. Аммо тўхтамайди.
“Чўлпон, Абдулла Қодирийлар яшаган даврларда ижодкорларга ўлим (отув) жазоси билан ҳам таҳдид қилинган. Бу билан нима, улар ижодни тўхтатиб қўйганми? Йўқ! Улар яширинча ижод қилаверган. Ҳозир ҳам худди шундай.
Жазо қанча оғирлашса ҳам, журналист ёки блогер ёзишни барибир тўхтатмайди. У анонимга айланади ёки қонунларни бузмайдиган мустаҳкам асосланган ҳақиқатни ёзади.
Ёзаверади, ёзаверади, қонунни бузмаган ҳолда ёзаверади. Чунки бу соҳа вакиллари анча зийрак, зукко ва кўпроқ ватанпарвар бўлади. Ўз жонини гаровга қўйиб бўлса-да, ёзаверадиган ҳамкасбларимиз бор”, дейди Комил Алламжонов.
Шундан сўнг, у Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мутасаддиларга қарата ОАВ билан ҳамкорлик қилиш кераклиги ҳақидаги айтганларини эслатиб, масуълларни матбуот билан ишлашга чорлади.
“Кеча Президентимиз айтганларидек, ҳурматли мутасадди ходимлар, матбуот билан ишлашни ўрганмас экан, фақат ўзига зарар бўлаверади. Матбуот билан курашиш эмас, улар билан ишлаш керак. Хоҳлаган ишни қиладиган давр ўтди”, дейди фонд раиси.
Алламжонов информацияни беркитиб бўлмасликни тушунадиган пайт аллақачон келганини, ҳозир ҳар бир смартфон эгаси белгиланган қонунларга асосан блогер бўлиши мумкинлигини қўшимча қилган.
“Биз кучли фуқаролик жамияти барпо этяпмиз. Жуда катта ғилдирак жойидан қўзғалган. Энди орқага йўл ҳақиқатда ҳам йўқ. Замон талаби ҳам фақат шу! Адолатпарвар ижодкорларни яратган устозларга таъзим Байрамингиз муборак!”, дея сўзига якун ясаган Комил Алламжонов.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 30 сентябрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишлаб ўтказилган тантанали маросим иштирок этди. Давлат раҳбари тадбирда яна бир бор оммавий ахборот воситалари фаолияти, мамлакатдаги сўз эркинлиги хусусида фикр юритди. Хусусан, у шундай деди:
“Халқ овози уларни [ҳокимларни] сергак бўлишга, сергак юришга, сергак ишлашга, ҳар бир гапини ўйлаб гапиришга мажбур қилиши керак. Ўзбекистон ҳозир очиқ, олдингидек ёпиб қўйишга иложимиз йўқ. Чегараларни ёпмаймиз энди. Интернет ёпилмайди. Оммавий ахборот воситаларига яна бир марта миннатдорлик билдирмоқчиман. Улар билан мулоқот қилмаган раҳбарларнинг келажаги бўлмайди”.
LiveБарчаси