Хивага борадиган “Афросиёб” поезди ҳали ишга туширилмайди
Жамият
−
04 Декабрь
4295Ижтимоий тармоқларда жорий йилнинг 7 декабрь кунидан эътиборан Хоразм вилоятининг Хива шаҳрига юқори тезликда ҳаракатланувчи “Афросиёб” тезюрар поездлари қатнай бошлаши ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳолат юзасидан “Ўзбекистон темирйўллари” АЖ матбуот хизмати маълумот берди.
Қайд этилишича, “Бухоро – Урганч – Хива” темирйўл участкасини электрлаштириш ишларини якунлаш доирасида битта юқори тезликда ҳаракатланувчи “Афросиёб” поезди синовдан ўтказилган. Ушбу босқич янги маршрутни синовдан ўтказиш ва инфратузилманинг тўлиқ фойдаланишга тайёрлигини текшириш дастурининг бир қисмидир.
“Биз барча ижтимоий тармоқлар фойдаланувчиларини бундай турдаги маълумотларни олиш ва тарқатишда эҳтиёт бўлишга чақирамиз. Жорий маълумотларни олиш учун “Ўзбекистон темирйўллари” АЖнинг расмий саҳифаларида янгиликларни кузатиб боришни тавсия этамиз”, дейилади компания хабарида.
Қайд этиш жоиз, 2021 йил декабрь ойида Осиё тараққиёт банки Ўзбекистонга 162 миллион доллар миқдорида кредит ажратишни маъқуллаган эди, бу маблағ Бухоро-Мискин-Урганч-Хива темир йўл линиясини электрлаштиришга йўналтирилиши керак эди. Модернизациядан сўнг юқори тезликда ҳаракатланувчи "Афросиёб" поездлари Тошкентдан Хивагача бўлган масофани 7 соатда босиб ўтишга қодир бўлган тармоқ линияси бўйлаб ҳаракатлана олади. Дастлаб, Хивага “Афросиёб” тезюрар поездини олиб келиш 2024 йилгача амалга оширилиши режалаштирилган эди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Ўзбекистон темирйўллари” АЖ бошқарув раиси Зуфар Нарзуллаев Сенатнинг эллик саккизинчи ялпи мажлисида юқори тезликда ҳаракатланувчи “Афросиёб” 2023 йилда 238 миллиард сўм зарар кўрганини маълум қилганди. Унинг сўзларига кўра, 2025 йил 1 январдан бошлаб юқори тезликда юрадиган поездларнинг чипта нархи худди самолётларники каби ўзгариб туради.