Хитойнинг собиқ раҳбари партия қурултойидан мажбурлаб олиб чиқиб кетилди
Олам
−
22 Октябрь 2022 18481 2 дақиқа
Бугун, 22 октябрь куни Хитой Коммунистик партиясининг ХХ қурултойининг сўнгги куни ўтказилди. Эътиборлиси маросим вақтида Хитой раиси Си Цзиньпиннинг ёнида ўтирган мамлакатнинг собиқ раҳбари Ху Цзиньтао залдан олиб чиқиб кетилди.
Видео тасвирларда кўриниб турибдики, Хитойнинг собиқ раҳбари Ху Цзиньтаонинг ёнига бир нафар шахс яқинлашиб, уни залдан олиб чиқиб кетмоқчи бўлади, ҳаттоки уни ўрнидан турғазишга ҳаракат қилади. Аммо, Ху Цзиньтао зални тарк этишни истамайди. Сўнгра иккинчи ходим унга яқинлашди. Ходимларнинг ҳар иккиси ниқобда бўлиб, атрофдагилар бу жараённи кузатиш билан чекланди. Шундан сўнг, Хитойнинг собиқ раиси ўрнидан турди ва Си Цзиньпин ёнидан ўтиб, унинг эътиборини ўзига қаратмоқчи бўлди, аммо, бу вазиятни ўзгартирмади.
Ҳодиса бўйича Хитой томони ҳозирча бирорта расмий изоҳ бермаган.
Маълумот ўрнида, Ху Цзиньтао 2002—2012 йилларда Хитой Комунистик Партияси Марказий Қўмитаси Бош котиби ва 2003—2013 йилларда Хитой Халқ Республикаси раиси лавозимларида ишлаган. У жорий йилнинг 21 декабрь куни 80 ёшни қарши олади.
Эслатиб ўтамиз, 22 октябрь куни Хитой Марказий қўмитаси ва Интизомни текшириш марказий комиссиясининг (ИТМК) янги таркиби сайланди. Қурултойда партия низомига ўзгартиришлар киритилди.
Янги рўйхатда 205 нафар партия аъзоси бор, бироқ Хитой Бош вазири Ли Кэцян, Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши раиси Ли Чжаньшу, Халқ сиёсий маслаҳат кенгаши миллий қўмитаси раиси Ван Ян ва Давлат кенгаши бош вазири ўринбосари Хань Чжэн киритилмаган. Уларнинг барчаси 2023 йилнинг март ойида нафақага чиқади. Расмий версияга кўра, бу уларнинг ёш авлодга йўл бериши билан боғлиқ.