Хитойнинг олтини расмий рақамлардагидан анча кўп – FT

Олам

image

Хитой бу йил расмий маълумотларда айтилганидан 10 баробар кўпроқ олтин сотиб олган бўлиши мумкин. Харидлар доллар захираларини алмаштириш мақсадида амалга оширилган ва бу олтин нархининг тез ўсишига ҳисса қўшган. Бу ҳақда “Financial Times” хабар берди.

Жаҳон олтин кенгаши (WGC) ҳисоб-китобларига кўра, 2022-2024 йилларда марказий банклар захиралари учун ҳар йили 1000 тоннадан ортиқ олтин сотиб олган.  Жорий йил учун бу кўрсаткич ҳозирча 600 тоннадан ошган. Хитойда олтин харид қилиш дастурини Хитой Халқ Банкининг бўлинмаси Давлат валюта бошқармаси (SAFE) амалга оширган, бу йил у расмий равишда 25 тонна олтин сотиб олган. Бироқ харидларни SAFE воситачилари, Хитой суверен инвестиция жамғармаси (CIC) ва ҳаттоки ҳарбийлар ҳам амалга ошириши мумкин. 

“Марказий банклар одатда олтин бўйича операциялари ҳақида Халқаро валюта фондига хабар беради, аммо бу ихтиёрий асосда амалга оширилади ва сўнгги йилларда кўплари ҳақиқий маълумотни яширяпти. Жорий йилда улар харидларнинг атиги учдан бири ҳақида хабар берган”, дейилади хабарда.

“Societe Generalе”га кўра, Хитой бу йил тахминан 250 тонна олтин сотиб олган бўлиши мумкин. Бу жорий йил марказий банкларнинг жами харидларининг учдан бир қисмидан ошади. Жорий нархда бу тахминан 132 миллион долларни ташкил этади. Бироқ йил бошида унция 2650 доллар атрофида бўлган, октябрда эса нарх энг юқори нуқтага – 4381,5 долларга етган.

“Нефтни сунъий йўлдошлар орқали кузатиш мумкин, аммо олтин билан буни қилиш имконсиз. Қаерга кетгани ва ким сотиб олганини билишнинг иложи йўқ. Хитой олтин сотиб олиш орқали дедолларизация стратегиясини амалга оширмоқда ва захираларидаги доллар улушини камайтиришга ҳаракат қиляпти. Шу стратегияни кўплаб бошқа марказий банклар ҳам қўллаяпти. Сўнгги ўн йилликда АҚШдан ташқари захиралардаги олтин улуши 10 фоиздан 26 фоизгача ўсган ва у ҳозир доллардан кейин иккинчи ўринда туради”, дейди Carlyle инвестиция фонди энергетика стратегияси директори Жефф Керри.

“Fuller Treacy Money” инвестиция бюллетенинг нашриётчиси Йон Триси ҳисобига кўра, Украинадаги уруш бошланганидан сўнг марказий банклар олтин бозорининг асосий ҳаракатлантирувчиси бўлган. Россия валюта захираларининг музлатилгани уларнинг инвестицияларни диверсификация қилишга ундаган, шунда доллар ва давлат облигацияларига ҳаддан ташқари боғлиқлик камаяди.

Япониянинг қимматбаҳо металлар бозор ассоциацияси директори Брюс Икемизунинг айтишича, бу йил одамлар, айниқса Хитой бўйича расмий маълумотларга умуман ишонмаяпти. Унинг тахминича, Хитойнинг олтин захиралари ҳозир тахминан 5000 тоннани ташкил қилади (20,5 миллиард доллар жорий нархда). Бу расмий маълумотларга қараганда икки баробар кўп.

Моҳичеҳра Қадамова


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

олтин Хитой

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг