Хитойнинг икки собиқ мудофаа вазири ўлимга ҳукм қилинди
Олам
−
07 Май 4196 2 дақиқа
Бугун, 7 май куни Хитойда Олий ҳарбий суд собиқ мудофаа вазирлари Вэй Фэнхэ ва Ли Шанфуларни 2 йиллик синов муддати билан шартли ўлим жазосига ҳукм қилди. Бу ҳақда “Синьхуа” нашри хабар берди.
Ҳарбий суд собиқ мулозимларни пора олишда айблаган ва уларнинг барча шахсий мол-мулклари мусодара қилинганини маълум қилган. Агар ҳарбий суд комиссияси уларни 2 йилдан сўнг тарбияланганига ишонч ҳосил қилса, ўлим жазосини умрбод қамоқ жазосига алмаштириши мумкин. Бироқ харбий кенгаш маҳкумларга жазони қисқартириш ёки муддатидан аввал озод қилиш имконияти тақдим этилмаслигини билдирган.
Маълумот ўрнида, Вэй Фэнхэ 2018 йилдан 2023 йилгача мудофаа вазири лавозимида ишлаган ва 2023 йил март ойида унинг ўрнини Ли Шанфу эгаллаган эди. Бироқ Лининг тақдири ҳам собиқ мавқедошиники билан бир хил бўлди. 2023 йилда мудофаа вазири лавозимига тайинланган Ли ўша йилнинг декабрида порахўрликда айбланиб ҳибсга олинган ва лавозимидан озод этилган.
Жорий йилнинг февраль ойида Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин юқори мартабали ҳарбий генерали Чжан Юсяни пора билан қўлга олинганига урғу бериб, мамлакатнинг ҳарбий позициясига баҳо берган. Сининг айтишича, Хитой коррупцияга қарши курашда “инқилобий чиниқиш”ни бошдан кечирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хитойда икки нафар юқори лавозимли ҳарбий амалдорлар – Марказий ҳарбий кенгаш раисининг ўринбосари Чжан Юся ва Марказий ҳарбий кенгаш Қўшма штаби бошлиғи Лю Чженлига нисбатан тергов ишлари бошлангани ҳақида хабар берилган эди.
Ҳожиакбар Муҳаммаджонов