Хитойликлар бизни босиб олишга келмаган – Жапаров
Олам
−
21 Ноябрь 5617 2 дақиқа
Бугун, 21 ноябрь куни Қирғизистон Президенти Садир Жапаров Бишкекда “Алтай” шаҳарчаси қурилиши учун капсула қўйиш маросимидан кейин Биринчи май тумани аҳолиси билан учрашувда провокацияларга берилмасликка чақирди. Бу ҳақда “Bulak” хабар берди.
Жапаров ҳокимият олиб бораётган ишлар ҳақида гапирар экан, жорий йилнинг декабрь ойида иш бошлайдиган чиқиндини қайта ишлаш заводини мисол сифатида келтирган.
“30 йил давомида чиқинди ёниб турди, одамлар бадбўй ҳидда яшади. Энди эса завод қурилди ва ҳозир чиқиндининг ўзи етишмаяпти. Заводнинг қуввати кунига 1 минг 200 тонна, Бишкекда эса 800 тонна чиқинди тўпланади. Бундан ташқари, у шунчаки чиқиндини ёқмайди, балки бизга 30 мегаватт электр энергия ҳам беради”, дейди Қирғизистон Президенти.
Унинг айтишича, айрим кучлар мамлакатда Хитой фуқаролари жуда кўпайиб кетгани ҳақида гапириб, одамларни қўзғатишга уринмоқда.
“Аммо улар бизни босиб олиш учун келишмаган-ку, мана шундай заводлар қуришяпти, темирйўл қуришяпти. Буларнинг барчаси бизга керак. Биз ғорда яшагандек яшай олмаймиз. 2030 йилдан бошлаб темирйўл ёрдамида жаҳон бозорига чиқамиз, бизда транзит имконияти пайдо бўлади”, дейди Қирғизистон раҳбари.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Садир Жапаров Жалолобод вилоятига амалий ташрифи чоғида Қоракўл ГЭСининг очилиш маросимида аҳолидан қиш мавсумида электр таъминотидаги узилишлардан нолимасликни сўраган эди. Унинг таъкидлашича, ГЭСнинг ишга туширилиши мамлакатнинг энергетик хавфсизлигини таъминлаш ва миллий иқтисодиётни ривожлантириш йўлидаги муҳим қадам.
Live
Барчаси