Хитойлик олимлар Илон Маскни ортда қолдирди
Технология
−
06 Февраль
24831Хитойнинг Tsinghua университетида фалаж бўлган одамнинг ҳаракатини тиклашга ёрдам берувчи мия чипи ишлаб чиқилди. Бу ҳақда “South China morning post” нашри хабар берди.
Билдирилишича, ушбу симсиз мия-компьютер интерфейси беморга протез қўл билан нарсаларни ушлаш имконини беради. Қурилма ўтган йилнинг октябрь ойида фалажликни бошидан ўтказган беморни реабилитация қилишда ишлатилди ҳамда сезиларли ютуқлар қайд этилди. Университетнинг тадқиқот гуруҳи бир неча кун аввал синов натижасини ижтимоий тармоқларда эълон қилди. Бу орқали хитойлик олимлар жорий йилнинг январь ойида шундай чипни инсон миясига жойлаштирган Илон Маскни ортда қолдирди.
Бунгача гуруҳ маймун устида синовлар ўтказганди. Фақатгина 2023 йил бошига келиб, жамоага биринчи марта одамда тадқиқот ўтказиш учун рухсат берилди. NEO тизими имплантация қилинган бемор 14 йил олдин автоҳалокат оқибатида орқа мия жароҳатини олган ва фалаж бўлиб қолганди. Тажрибанинг дастлабки 3 ойидаёқ у протез қўл ёрдамида шишани ушлай олди.
Митти мия чипи икки танга ўлчамига эга. У бош суягига ўрнатиш учун мўлжалланган. Қурилма батареяларсиз ишлайди, бунинг ўрнига ускуна юқори частотали антенна ёрдамида масофадан туриб яқин симсиз қувват билан қувватланади. Ҳозирда ушбу имплантлар орқа мия жароҳати ҳамда эпилепсия (сурункали неврологик касаллик) ва амётрофик латерал склероз (марказий асаб тизимининг фалажлиги) каби касалликларга чалинган беморларга ёрдам бериши мумкин, деб ишонилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Илон Маскнинг Neuralink нейротехнология компанияси илк бор одамга гаджетлардан фикрлар ёрдамида фойдаланиш имконини берувчи чипни ўрнатганди.
LiveБарчаси