Хитойга “Яги” тўфони ёпирилди. Қурбонлар бор
Олам
−
07 Сентябрь
4391“Яги” тўфони Хитойнинг Хайнань орол-провинциясига (Жанубий Хитой) келиб урилиши оқибатида камида 2 киши ҳалок бўлди, 92 киши турли даражада жароҳат олди. Бу ҳақда “Reuters” хабар бермоқда.
Нашрнинг ёзишича, бугун, 7 сентябрь ҳолатига кўра, Динған округида икки киши ҳалок бўлган. Вэньчан шаҳрида 12 киши, Хайкоу шаҳрида эса 80 киши жароҳатланган. Шамоллар ва ёғингарчилик камайгач, Хайнань ороли тайфунга фавқулодда жавоб бериш даражасини пасайтирган ва шошилинч тиклаш ишларини бошлаган.
Қайд этилишича, 1,5 миллиондан ортиқ жабрланган уй хўжаликларига электр таъминотини тиклаш учун 2200 дан ортиқ ходим сафарбар этилган. Бугун эрталаб соат 7 га келиб, зарар кўрган уй хўжаликларининг бешдан биридан кўпроғи электр тармоғига қайта уланган. Шунингдек, йўлларни таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Хусусан, ҳозирда тўсиб қўйилган 89 та автомобиль йўлидан 51 таси тозаланган.
Бугун, 7 сентябрь куни тушдан кейин оролда тезюрар поездлар қатнови қайта тикланиши кутилмоқда. Ҳудуддаги бўғозда паром қатнови эса эртага, 8 сентябрь оқшомида тикланиши кутилмоқда.
Хайкоу шаҳридаги Мэйлань халқаро аэропорти ҳам эртага тушдан кейин вақтинча ёпиқ қолади. Машҳур сайёҳлик шаҳри Саньядаги Фэнхуан халқаро аэропорти эса бугун, 7 сентябрь куни эрталаб соат 10 дан аста-секин рейсларни тиклай бошлади.
Нашрга кўра, айни пайтда қутқарув экипажлари алоқани тиклашга шошилмоқда, чунки провинция бўйлаб 12,5 мингдан ортиқ база станциялари шикастланган, энг катта зиён Вэньчан шаҳридаги алоқа воситаларига етган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Япониянинг жануби-ғарбий қисмида “Шаншань” тўфони кучли шамол ва ёмғирга сабаб бўлиб, электр энергия тизимини ишдан чиқарган, ҳаво қатновини чеклаган ва йирик заводларни ёпишга мажбур қилган эди.