Хитойда япониялик тадбиркор жосусликда айбланди
Олам
−
22 Август
1673Ўтган йилнинг март ойида Пекинда жосусликда гумон қилиниб ҳибсга олинган япониялик тадбиркорга Хитой прокуратураси айблов эълон қилди. Бу ҳақда “Kyodo News” хабар берди.
“Astellas Pharma Inc.” вакили компаниянинг маҳаллий шуъба корхонаси раҳбари бўлган шахсга нисбатан айблов эълон қилинганини тасдиқлаган, аммо суд жараёни давом этаётгани сабабли қўшимча изоҳ беришдан бош тортган. Япония ҳукумати унинг муддатидан олдин озод этилишини таъминлаш учун саъй-ҳаракатларини давом эттирмоқда.
Иш Пекиндаги Ўрта халқ судида кўриб чиқилиши кутилмоқда. Хитойдаги Япония Савдо-саноат палатасининг собиқ юқори лавозимли амалдори бўлган 50 ёшлардаги эркакнинг узоқ муддат ҳибсга олиниши Япониянинг Хитойга сармоя киритилишига ва икки томонлама алмашинувларга салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
У ўтган йилнинг 20 мартида, Японияга қайтиши режалаштирилганидан олдин ушланган ва октябрь ойида расман ҳибсга олинган. Хитой ҳукумати шу йилнинг март ойида унга айблов эълон қилиш ёки қўйиб юбориш бўйича текширув жараёнини бошлаган.
Япония Бош вазири Фумио Кисида ўтган йилнинг ноябрь ойида Сан-Францискода Хитой раҳбари Си Цзиньпин билан бўлиб ўтган саммитда тадбиркорни озод қилишга чақирган эди.
Маълумот учун, 2014 йилда Хитойнинг аксил-жосуслик тўғрисидаги қонуни кучга кирганидан бери 17 япон фуқароси, жумладан “Astellas Pharma Inc.” ходими жосуслик фаолиятига алоқадорликда айбланиб ҳибсга олинган. Япония Ташқи ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, беш киши ҳибсда қолмоқда.
LiveБарчаси
04 Ноябрь