Хитойда вазн ташлаган ходимларга пул берилмоқда
Олам
−
15 Август 2405 2 дақиқа
Хитойнинг жанубий Гуандун провинциясида жойлашган Insta360 камера ишлаб чиқарувчи компания ўз ходимлари учун “Озинг ва пул ишланг” акциясини йўлга қўйди. Бу ҳақда “City News Service Shanghai” хабар берди.
Маълум бўлишича, қоидалар оддий – ҳар бир ташланган 500 грамм вазн учун раҳбарият 500 юань (70 доллар) тўлайди. Аммо аксинча, вазн ортса, ходимнинг ўзи ҳар бир 500 грамм учун 800 юань жарима (112 доллар) пул тўлаши керак бўлади. Хабарга кўра, ҳозирча ҳеч ким жаримага тортилмаган. Акцияга 99 нафар ходим фойда қилган бўлиб, улар жами 950 килограмм вазн ташлаб, биргаликда 1 миллион юань (139 минг 389 доллар) ишлаб олган.
Insta360 бу ташаббус соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва ходимларнинг ҳаёт ҳамда ишга ижобий муносабатини рағбатлантиришга қаратилганини билдирган.
Ушбу ғоя интернет фойдаланувчиларида катта қизиқиш уйғотиб, улар ўз компаниялари ҳам шундай йўл тутишини хоҳлашини айтган.
Бундай ташаббус янгилик эмас. Бунгача худди шу провинциядаги Wonderlab озиқ-овқат қўшимчалари ишлаб чиқарувчи компания бир ойлик вазн камайтириш танловини ўтказган. Унда 224 нафар ходим қатнашиб, жами 750 килограмм вазн ташлашган ва мукофот сифатида 171 минг юань (23 минг 834 доллар) бўлишиб олган. Энг катта натижа қайд этганлардан бири 16,4 килограмм ташлаб, 7600 юань (1059 доллар) ишлаб топган.
Бу каби дастурлар Хитой Миллий соғлиқни сақлаш комиссиясининг уч йиллик илмий асосда вазн назоратини кучайтириш ва семиришга қарши кураш режасига мос келади. Миллий тадқиқотларга кўра, 2023 йилда Хитойдаги катталарнинг 57 фоизи ортиқча вазн ёки семизликка эга бўлган. Бу кўрсаткич 2018 йилда 51 фоиз, 2013 йилда эса 46 фоиз бўлган. Самарали чоралар кўрилмаса, 2030 йилга бориб бу улуш 65 фоизга етиши, семизлик билан боғлиқ соғлиқни сақлаш харажатлари эса 418 миллиард юанга (Хитойдаги умумий соғлиқни сақлаш харажатларининг 22 фоизи) чиқиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Президентининг “Давлат фуқаролик хизматини янги ёндашувлар асосида ташкил этиш ҳамда профессионал ва натижадорликка йўналтирилган давлат хизматчилари корпусини шакллантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан эндиликда Ўзбекистонда давлат ходимларининг тана вазни ўлчаб борилиши ва бу ҳақдаги маълумотлар махсус платформага жойланиши хабар қилинганди.
Live
Барчаси