Хитойда роботлар учун мактаб очилди

Технология

image

Хитойнинг Ухань шаҳрида гуманоид роботлар учун кундалик ҳаётий вазифаларни ўрганадиган махсус роботлар мактаби очилди. Бу ҳақда “Euronews” хабар берди.

Тадқиқотчилар виртуал технологиялар ёрдамида роботларни реал ҳаётда бажариладиган ишларга ўргатмоқда. Бу жараёнда муҳандислар махсус VR-кўзойнаклар ва контроллерлардан фойдаланиб, робот ҳаракатларини масофадан бошқаради.

Лабораторияда бир гуруҳ гуманоид роботлар синфда ўқиётган ўқувчилар каби тайёргарликдан ўтмоқда. Уларга кофе тайёрлаш, уй ишларини бажариш, буюмларни кўтариш ва саралаш каби кундалик вазифалар ўргатилмоқда.

Лойиҳа доирасида муҳандислар роботларнинг ҳаракатлари ҳақида катта ҳажмдаги маълумотлар тўпламоқда. Инструкторлар виртуал ускуналарини кийиб, робот ҳаракатларини реал вақт режимида бошқаради ва уларга турли вазифаларни бажаришни кўрсатади.

Роботларни ўқитиш билан шуғулланувчи мутахассис Цюй Цюнбиннинг айтишича, инструктор VR-кўзойнак ва контроллерлардан фойдаланганда унинг чап ва ўнг қўллари роботнинг қўллари сифатида ишлайди. Робот инсон ҳаракатларини такрорлайди ва шу орқали ҳаракатларни ўрганади. Кейин бу маълумотлар булутли серверларга юкланади ва текширилгандан сўнг роботнинг таълим тизимига киритилади.

Цюй Цюнбиннинг таъкидлашича, бу жараён жуда қизиқарли бўлиб, робот бирор вазифани бажара олганида у худди ўз фарзандини ўқитиб, унинг ўсиб бораётганини кўраётгандек ҳис қилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Японияда Киото тадқиқотчилари “Buddharoid” деб номланган буддист ёзувлари бўйича ўқитилган ва инсон руҳонийси каби ҳаракатланиб ва имо-ишоралар қилиб, қизиқарли суҳбатлар олиб борадиган сунъий интеллект роботини ишлаб чиққанди.


Мақола муаллифи

Теглар

Хитой робот

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг