Хитойда никоҳ қуриш рекорд даражада тушиб кетди
Олам
−
10 Февраль
6586Ўтган 2024 йилда Хитойда никоҳлар сони бешинчи марта камайди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Қайд этилишича, ҳукуматнинг мамлакат аҳолисини ошириш учун ёш эр-хотинларни турмуш қуриш ва фарзанд кўришга ундашга қаратилган саъй-ҳаракатларига қарамай, бу натижа рекорд даражадаги пасайиш ҳисобланади.
Маълум қилинишича, никоҳ ва оилани шакллантиришга бўлган қизиқишнинг пасайиши узоқ вақтдан бери Хитойда болаларга қараш ва таълимнинг юқори нархи билан боғлиқ.
Нашрга кўра, ўтган йили 6,1 миллиондан ортиқ жуфтлик никоҳ учун рўйхатга олинган, бу эса олдинги йилги 7,68 миллиондан кам дегани.
“Мисли кўрилмаган! Ҳатто 2020 йилда ҳам, коронавирус пандемияси туфайли никоҳ даражаси атиги 12,2 фоизга қисқарганди”, деган нашр суҳбатдошларидан бири.
Унинг таъкидлашича, ўтган йили Хитойда никоҳлар сони 2013 йилдаги 13,47 миллион никоҳнинг ярмидан камини ташкил қилган.
Маълумот учун, Хитой аҳоли сони бўйича 1,4 миллиард киши билан дунёда иккинчи ўринда туради ва аҳолиси тез қаримоқда. Хитойнинг 1980-2015 йиллардаги бир бола сиёсати ва тез урбанизация туфайли туғилиш даражаси ўнлаб йиллар давомида пасайиб бормоқда. Келгуси ўн йил ичида 300 миллионга яқин хитойлик нафақага чиқиши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2024 йилда Хитой аҳолиси 1,39 миллион кишига камайиб, 1 млрд 408 млн кишини ташкил қилгани ҳақида хабар берилганди. Ҳисоботга кўра, йил давомида мамлакатда 9,54 миллион бола туғилган, 10,93 миллион киши вафот этган. Туғилиш коэффициенти ҳар минг кишига 6,77 ни, ўлим коэффициенти эса 7,76 ни ташкил қилган.
LiveБарчаси