Хитойда дунёдаги энг катта гибрид қуёш электр станцияси ишга тушди
Бу қизиқ
−
11 июл 4874 2 дақиқа
Жорий йилнинг 1 июль куни Хитойда қуввати 1 ГВт бўлган дунёдаги энг йирик “Hami” гибрид қуёш электр станциясидан тижорий мақсадларда фойдаланиш бошланди. Бу ҳақда “Interesting Engineering” нашри хабар берди.
“China Three Gorges Corporation” корпорацияси томонидан Гоби саҳросида қурилган ушбу электр станцияси 900 МВт қувватга эга фотоэлектрик қуёш панеллари ва 100 МВтли концентрацияланган қуёш энергетикаси (CSP) қурилмасини ўзида бирлаштиради. Оддий қуёш электр станцияларидан фарқли ўлароқ, “Hami” қуёш ботганидан кейин ҳам литийли аккумуляторлардан фойдаланмаган ҳолда 8 соатгача электр энергияси ишлаб чиқариш имкониятига эга.
Энергияни сақлаш учун станция эритилган туздан фойдаланади. Кундузи 260 мингта кўзгудан иборат тизим тузни Цельсий бўйича 550 даражагача қиздиради, шундан сўнг тўпланган иссиқлик буғ ҳосил қилиш учун йўналтирилади. Ушбу буғ эса турбинани айлантириб, кечки вақтда электр энергияси ишлаб чиқаришни таъминлайди.
Лойиҳанинг қиймати 3,53 миллиард юанни (тахминан 480 миллион доллар) ташкил этган. “China Three Gorges Corporation” баҳолашига кўра, станция тўлиқ қувват билан ишлай бошлагач, йилига 2,07 ТВт/соат электр энергияси ишлаб чиқариши мумкин, бу эса тахминан 830 минг хонадонни энергия билан таъминлаш учун етарлидир.
“Interesting Engineering” нашрининг қайд этишича, “Hami” Дубайдаги 950 МВт қувватга эга “Noor Energy 1” мажмуасини ортда қолдириб, дунёдаги энг йирик гибрид қуёш электр станциясига айланган. Компания аллақачон ушбу объект қувватини 3 ГВтгача кенгайтиришни режалаштирмоқда, унинг ёнида эса қуввати 1,5 ГВт бўлган янада йирикроқ гибрид қуёш электр станцияси қурилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хитой денгиз платформасига ўрнатилган махсус тўр орқали ракета тезлаткичини қайтариб олиш бўйича тажрибавий тизимни муваффақиятли синовдан ўтказгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси