Хитойда CОVID-19 билан касалланганлар сони 900 миллионга етди
Олам
−
14 Январь 2023
6021Хитойда 11 январь ҳолатига кўра, мамлакатнинг жами 64 фоизи — 900 миллиондан ортиқ одам коронавирус билан касаллангани аниқланди. Бу ҳақда Пекин университетининг тадқиқотларига таянган ҳолда “Live Mint” сайти хабар берди.
Мавжуд ҳолатга кўра, Хитойнинг Ганьсу провинциясида яшовчи аҳолининг 91 фоизи, Юньнань провинциясида яшовчиларнинг 84 фоизи, Цинхай провинциясининг 80% аҳолиси коронавирус касаллигига чалинган. Хитойнинг етакчи эпидемиологи қишлоқларда касалланишлар сони кескин кўпайишидан огоҳлантирган. Мамлакатда COVID-19 тўлқинининг чўққиси икки-уч ой давом этиши кутилмоқда.
Шунингдек, Хитойда 21 январдан нишонланадиган Янги йил байрами муносабати билан саёҳатчиларнинг кўпайиши қишлоқ жойларида юқумли касалликларнинг ошишига сабаб бўлиши мумкин.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти саёҳатчиларни юқори хавф мавжудлиги ҳақида огоҳлантирди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти агентлигининг таъкидлашича, Хитой CОVID-19 ҳолати бўйича ўлимлар сонини камайтириб, оммага маълумот бермоқда. Хитой пандемия бошланганидан бери 5000 дан сал кўпроқ ўлим ҳолати ҳақида хабар берган. Халқаро соғлиқни сақлаш экспертлари бу йил CОVID-19 билан боғлиқ камида 1 миллион ўлим ҳолати содир бўлишини таҳмин қилди.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йилнинг сўнггида Хитой коронавирус ҳақида кунлик маълумотлар эълон қилишни тўхтатганди. Шундан сўнг ЖССТ Хитойни коронавирус фактларини яшираётганликда айблади ва мамлакатдан коронавирусга чалиниб, шифохонага ётқизилганлар ҳамда ўлим ҳолатлари тўғрисидаги маълумотларни тезда етказишни сўраганди.
Жорий йилнинг 7 январь кунидан бошлаб Хитойда карантин вақтида тўхтаб қолган “чун юн” дея номланувчи 40 кунлик қамарий янги йил саёҳатлари бошланганди. Бу пандемиядан олдинги энг йирик йиллик ички миграция сифатида танилган.
Нурмуҳаммад Файзуллаев