ЖССТ Хитойни коронавирус фактларини яшираётганликда айблади
Саломатлик
−
05 Январь 2023
5574Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Хитой ҳукуматидан коронавирусдан шифохонага ётқизилганлар ва ўлим ҳолатлари тўғрисидаги маълумотларни тезда етказишни сўради. Бу ҳақда кеча, 4 январь куни бўлиб ўтган брифингда ЖССТ раҳбари Тедрос Аданом Гебрейесус маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, ўтган ҳафтада ЖССТ экспертлари ва хитойлик экспертлар ўртасида инфекцияни юқтириш ҳолатлари кескин ошгани муҳокама қилинган учрашув бўлиб ўтган. Ташкилот ўз вақтида ХХРдан коронавирусдан шифохонага ётқизилганлар ва ўлимлар тўғрисида ишончли маълумотларни тезроқ ва мунтазам равишда узатишни, шунингдек, вируслар кетма-кетлигини фаоллаштиришни сўраган.
“ЖССТ Хитойдаги вазиятдан хавотирда ва шифохонага ётқизиш, оғир касаллик ва ўлимдан ҳимоя қилиш учун эмлаш, жумладан, кучайтирувчи дозаларни жорий этиш муҳимлигини таъкидлайди”, дейди ташкилот раҳбари.
ЖССТ фавқулодда вазиятлар дастури директори Майкл Раяннинг фикрича, Хитой коронавирусдан шифохонага ётқизилганлар ва ўлим ҳолатлари ҳақида тўлиқ ва аниқ маълумот бермаяпти.
“Биз Хитой томонидан эълон қилинган жорий маълумотлар шифохонага, реанимация бўлимларига ётқизиш ва хусусан, ўлим билан боғлиқ вазиятни тўлиқ акс эттирмайди деб ҳисоблаймиз”, дейди у.
Хитой декабрь ойи бошида анти- COVID чекловларини юмшатди, шундан сўнг мамлакатда коронавируснинг кенг тарқалиши қайд этилди. Тиббиёт мутахассисларининг фикрига кўра, бу заифлашган штаммлардир, шунинг учун касаллик одатда ўрта шаклда давом этади ва ўлим эҳтимоли жуда паст. Шу фонда, айрим давлатлар, жумладан, Буюк Британия, Испания, Италия, АҚШ, Франция, Жанубий Корея ва Япония Хитойдан ташриф буюрувчилар учун қоидаларни кучайтирди.
LiveБарчаси