“Толибон” ўзининг асосий иттифоқчисини эълон қилди
Олам
−
03 Сентябрь 2021
43775Хитой “Толибон”га Афғонистонни тиклашда ёрдам беради. Бу ҳақда “Толибон” матбуот котиби Забиҳулла Мужоҳид маълум қилди.
Мужоҳиднинг айтишича, Пекин Aфғонистонга сармоя киритишга тайёрлигини билдирган.
“Хитой “Толибон”нинг мамлакатни тиклашдаги асосий шеригига айланади. Хитойнинг ёрдами Aфғонистонни ривожлантириш учун алоҳида имкониятдир”, дейди Мужоҳид.
Унинг сўзларига кўра, “Толибон” ҳам Пекиннинг "Бир макон, бир йўл" концепциясига алоҳида аҳамият беради.
“Бу лойиҳа қадимий Ипак йўлини қайта тиклайди. Қолаверса, хитойликлар туфайли Aфғонистонда мис қазиб олиш яна бошланади. Хитой биз учун жаҳон бозорларига чиқиш имконини беради", дея ишонч билдирмоқда “Толибон” вакили.
Бундан ташқари, ҳаракат вакили “Толибон”нинг минтақадаги муҳим ва нуфузли шериги ҳисоблаган Россия билан муносабатларни сақлаб қолишга тайёрлигини ҳам эълон қилган. Унга кўра, Москва минтақада ва халқаро даражада тинчликни таъминлаш учун воситачиликни давом эттирмоқда.
Маълум қилинишича, Ҳамид Карзай номидаги Қобул халқаро аэропорти “Толибон” қўлига ўтган, аммо ҳаво порти жиддий шикастланган.
“Қатар ва Туркия аэропорт қайта очилишидан манфаатдор. Яқин уч кун ичида аэропорт ҳудуди тўлиқ тозаланади, инфратузилма тикланади. Умид қиламанки, аэропорт сентябрь ойида ишлай бошлайди”, дейди Мужоҳид.
LiveБарчаси