Хитой Тайвань томон ўнлаб қирувчи самолётлар ва ҳарбий кемаларни жўнатди
Олам
−
08 Апрель 2023 10860 2 дақиқа
Хитой АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери ва Тайвань Президенти ўртасидаги учрашувга жавобан оролга ўнлаб қирувчи самолётлар ва ҳарбий кемаларни жўнатди. Бу ҳақда "NBC News" хабар берди.
Қайд этилишича, Хитой ҳарбийлари Тайванга нисбатан уч кунлик "жанговар шайлик патруллари" бошланганини эълон қилган. Бунга сабаб АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери Кевин Маккарти ва тан олинмаган Тайвань Президенти Цай Инвэннинг Калифорнияда пайшанба, 6 апрель куни бўлиб ўтган музокаралари экани айтилмоқда. Пекин бунга жавобан Тайвань Президентининг АҚШга ташрифи билан боғлиқ бўлган америкалик гуруҳлар ва алоҳида шахсларга нисбатан саёҳат чекловлари ва иқтисодий санкциялар жорий қилган.
Тайвань Мудофаа вазирлиги берган маълумотларга кўра, орол яқинида саккизта ҳарбий кема ва 71 та самолёт аниқланган. Улардан 29 таси Тайванни материкдан ажратиб турувчи бўғознинг ўрта қисмини кесиб ўтган.
Тайвань ҳарбийлари ракетага қарши мудофаа тизимлари ишга туширгани ҳамда Хитой самолётларини кузатиш учун ҳаво ва денгиз патруллари юборилгани айтилмоқда.
"Биз минтақавий хавфсизлик ва барқарорликка путур етказган бундай мантиқсиз ҳаракатни қоралаймиз", дейилади Мудофаа вазирлиги баёнотида.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг март ойи охирида Хитойнинг 10 та самолёти ва 2 та ҳарбий кемаси Тайвань яқинида аниқланганди. Шунингдек, баъзи нашрлар ХХР раиси Си Цзиньпин мамлакатини урушга тайёрлаётгани ҳақида ёзганди.
Нодиржон Мадаминов
Live
БарчасиЭрдўған Саудияга борди
03 Февраль
Путин “қора шаҳзода” билан телефонлашди
03 Февраль
Қашқадарёда ЙПХ машинаси ёниб кетди
03 Февраль