Хитой сувости дронлари бўйича жаҳон рекордини ўрнатди

Технология

−

image

Хитой гуруҳ таркибида бир вақтнинг ўзида ишлайдиган автоном сувости дронлари сони бўйича жаҳон рекордини ўрнатди. Синовга юздан ортиқ аппарат жалб этилди. Бу ҳақда “South China Morning Post” хабар берди.

“Бир вақтнинг ўзида ишлайдиган автоном сувости аппаратларининг энг кўп сони” категориясидаги Гиннесс рекордини Шимоли-ғарбий политехника университети жамоаси денгиз ускуналари ва аппаратлари етказиб берувчи Xi'an Tianhe Maritime Technologies компанияси билан биргаликда ўрнатган.

Синов узунлиги 50 метр ва кенглиги 20 метр бўлган ҳавзада Гиннесс рекордлар китоби вакиллари назорати остида ўтказилган. Улар натижани сертификатлаб, ўз сайтларида эълон қилган.

Ишда 116 та TH-618 автоном сувости аппаратидан иборат гуруҳ иштирок этган. Улар кетма-кет жойлаштирилган ва белгиланган йўналиш бўйлаб ҳаракатланиш учун реал вақт режимидаги маълумотларга таянган ҳолда, 500 метр масофада 34 дақиқа давомида инсон аралашувисиз сафда автоном сув ости навигациясини амалга оширган.

Аппаратларнинг максимал ҳаракат масофаси 30 километрни ташкил этади ва улар саккиз соатдан ортиқ вақт давомида узлуксиз ишлаши мумкин, деб аниқлик киритган ишлаб чиқувчилар. Қурилмалар навигация учун камерадан фойдаланади ва белгиланган йўналишдан четлашишларга тузатишлар киритган ҳолда мослашишга қодир.

“Ўнлаб ёки ҳатто юзлаб сувости аппаратларининг муҳитда тўлиқ автоном, узоқ муддатли ва барқарор мувофиқлаштирилган навигацияга эришишини таъминлаш ҳамиша сувости интеллектуал ускуналари соҳасидаги жаҳон миқёсидаги асосий вазифа бўлиб келган”, деб баёнот берди университет.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хитой денгиз платформасига ўрнатилган махсус тўр орқали ракета тезлаткичини қайтариб олиш бўйича тажрибавий тизимни муваффақиятли синовдан ўтказган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг