Хитой Россияга ёрдам беришни тўхтатмаса, АҚШ чора кўради – Блинкен
Олам
−
27 Апрель
6783Қўшма Штатлар Россия ҳарбий-саноат комплексига гўёки маҳсулот етказиб беришни тўхтатмаса, Хитойга қарши чора кўради. Бу ҳақда кеча, 26 апрель куни Хитой Ташқи ишлар вазири Ван И билан учрашган ва ХХР Раиси Си Цзиньпиннинг қабулида бўлган Америка Давлат котиби Энтони Блинкен BBC'га берган интервьюсида айтди.
“Агар Хитой нафақат биз билан, балки Европа мамлакатлари билан ҳам муносабатларни яхшилашни истаса, у бир вақтнинг ўзида Совуқ уруш тугаганидан бери Европа хавфсизлигига энг катта таҳдидни кучайтира олмайди. Биз бунга алоқадор бўлган Хитой субъектларига қарши чора кўрдик ва бугунги учрашувда мен агар Хитой бу борада ҳеч қандай чора кўрмаса, биз ҳаракат қиламиз, деб айтдим”, дейди Блинкен.
Америка дипломатияси раҳбари Вашингтон қандай қадамлар ташлашга тайёрлиги ҳақидаги саволга жавоб беришдан бош тортди. Шу билан бирга, у Америка томони Россия Федерациясига икки томонлама мақсадли маҳсулотлар етказиб беришда айблаётган 100 дан ортиқ хитойлик компания ва ташкилотларга нисбатан Қўшма Штатлар аллақачон санкциялар ёки экспорт чекловларини жорий этганини таъкидлади.
"Биз янги чоралар кўришга тўлиқ тайёрмиз", деган Блинкен.
АҚШ Давлат котибининг сўзларига кўра, Хитой Россияга дастгоҳлар, микроэлектроника ва оптика, шунингдек, бошқа икки мақсадли товарлар етказиб берувчи энг йирик давлат ҳисобланади. Унинг сўзларига кўра, Москва бу маҳсулотлардан ўзининг мудофаа-саноат комплексини мустаҳкамлаш учун фойдаланади.
Маълумот учун, 24 апрель куни Америка дипломатияси раҳбари Шанхайга борган ва ХХРга амалий ташрифини бошлаган. У 26 апрелга қадар Хитойда бўлади. Блинкеннинг ташрифи олдидан ўтказилган брифингда Хитой ТИВ вакили Қўшма Штатлар Хитой ва Россия ўртасидаги нормал муносабатларни қораламаслиги кераклигига эътибор қаратди. Хитой Ташқи ишлар вазирлиги Пекин Украинадаги можарода иштирок этмаслигини бир неча бор таъкидлаган ва Хитойнинг Россия Федерациясига қурол етказиб бергани ҳақидаги хабарлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини билдирган.
LiveБарчаси