Хитой Россия учун янги дрон моделини тайёрлади – “Bloomberg”
Олам
−
03 Июль
7984Хитой компаниялари Россияга жўнатиш учун Эронда ишлаб чиқариладиган Shahed моделидаги ҳужумчи дронларни тайёрлаб, уларни синовдан ўтказмоқда. Бу ҳақда “Bloomberg” хабар берди.
Ишлаб чиқилаётган учувчисиз учиш аппаратининг номи ошкор этилмаган бўлса-да, “Bloomberg” агентлигининг Хитой Мудофаа вазирлиги веб-сайтлари ва оммавий ахборот воситаларига таяниб маълум қилишича, янги дрон модели Sunflower 200 деб номланади. Шунингдек, жанговар дронларни ишлаб чиқишда иштирок этган компаниялар номи ҳам очиқланмаган.
Европа расмийлари “Bloomberg”га берган интервьюсида Украинанинг иттифоқчилари Хитой Россия ва Эронга қараганда катта тезликда ҳамда сон-саноқсиз ҳужумкор дронлар ишлаб чиқариши мумкинлигидан хавотирда эканлигини таъкидлаган.
Нашр Хитой Россиянинг Украинага кенг кўламли бостириб киришида минглаб Shahed дронларидан фойдаланганини қораламаганига эътибор қаратади. Расмий Пекин ўзини урушда бетараф томон сифатида кўрсатди ва бунга жавобан аввалроқ Киев ҳамда унинг Ғарб иттифоқчилари рад этган тинчлик режасини тақдим этди.
Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков эса бугун, 3 июль куни ТАСС ахборот агентлигига берган интервьюсида Кремль вазиятга ҳеч қандай муносабат билдирмаслигини айтиб ўтган. Шунингдек, Россиянинг Мудофаа ва Ташқи ишлар вазирликлари ҳам ҳеч қандай изоҳ билдирмаган. Хитойнинг Вашингтондаги элчихонаси эса Пекин Россия ёки Украинани қурол билан таъминлаётганини инкор этиб, икки мақсадли маҳсулотлар экспортини қаттиқ назорат қилишини маълум қилган. Элчихона матбуот котиби Лю Пенгюнинг айтишича, халқаро ҳамжамиятни ким мулоқотга чақираётгани, ким тинчликка интилаётгани ёки зиддиятларга туртки бўлаётгани ҳаммага ойдек равшан.
Шу билан бирга, Украина Президенти Владимир Зеленский ўтган ой Хитой раҳбари Си Цзиньпин унга Россияга қурол бермасликка ваъда берганини хотирлаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Киев ва Украинанинг бошқа ҳудудларига ракета ва дрон билан ҳужум қилгани ҳақида хабар берилганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь