Хитой Курил ороллари масаласида Япония позициясидан воз кечди
Олам
−
03 Апрель 2023
11679Деярли 60 йил ичида биринчи марта Хитой Курил оролларининг жанубий қисмига эгалик қилиш масаласида ўз позициясини ўзгартириб, мазкур масалада бетараф эканини билдирди. Бу эса Пекин ва Москвани янада яқинлаштирди. Бу ҳақда бугун, 3 апрель куни Хитой томонига яқин манбаларга таяниб, “Kyodo” агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, Хитойнинг собиқ раҳбари Мао Цзэдун 1964 йилда бу масалада Японияни қўллаб-қувватлашини билдирган ва шундан бери Хитой бу мавзуни кўтармаган. Бироқ Хитойнинг амалдаги Раиси Си Цзиньпин март ойида Москвада Россия Президенти Владимир Путин билан учрашуви чоғида Хитой Курил оролларининг жанубий қисмига ҳудудий эгалик қилиш масаласида ҳеч бир томоннинг позициясини эгалламаслигини таъкидлаган.
Манбага кўра, Хитой позициясининг ўзгариши Россиянинг ишончини мустаҳкамлайди, бу эса тинчлик шартномаси бўйича музокараларни янада мураккаблаштиради. Бундан ташқари, Москвада бўлиб ўтган саммитда Россия томони Хитойга Курил ороллари ҳудудий махсус иқтисодий зона мақомига эга бўлганлиги сабабли уларга сармоя киритиш имкониятини кўриб чиқишни таклиф қилган.
Таъкидлаш жоизки, Москва ва Токио ўтган асрнинг ўрталаридан бери Иккинчи жаҳон уруши якунлари бўйича тинчлик битимини ишлаб чиқиш бўйича музокаралар олиб бормоқда. Бунга асосий тўсиқ Курил оролларининг жанубий қисмига бўлган ҳуқуқлар бўйича келишмовчилик бўлиб қолмоқда. Уруш тугагандан сўнг бутун архипелаг Совет Иттифоқи таркибига кирган, аммо Япония Итуруп, Кунашир, Шикотан ва бир гуруҳ кичик оролларга эгалик қилиш ҳуқуқи Россияда эканига эътироз билдириб келади. Шу билан бирга, Россия Ташқи ишлар вазирлиги тегишли халқаро ҳуқуқий шаклга эга бўлган ушбу ҳудудларда Россия суверенитети шубҳасиз эканлигини бир неча бор таъкидлаган.
Россия Федерациясининг Украинага босқини бошланганидан кейин Япония Россияга қарши бир нечта санкциялар пакетини жорий қилган. Шу муносабат билан Россия ТИВ Москва Токио билан тинчлик шартномаси бўйича музокараларни тўхтатаётганини маълум қилган. Шунингдек, 1991 йилда Россия Федерациясининг жанубий Курил ороллари ва Япония ўртасида визасиз алмашинув тўғрисидаги келишувлар асосида Япония фуқаролари учун визасиз саёҳатни тўхтатишга қарор қилинган. Бундан ташқари, Россия томони Курил ороллари жанубида қўшма иқтисодий фаолиятни йўлга қўйиш бўйича Япония билан мулоқотдан чиқишини маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 2 апрель куни Япония ва Хитой Ташқи ишлар вазирлари икки давлат ўртасидаги кескинлик фонида уч йилдан ортиқ вақтдан бери илк музокаралар ўтказган эди. Унда Япония фуқароларининг Хитойда ҳибсга олиниши, Хитойнинг ҳарбий фаоллиги, жумладан, Россия билан ҳамкорлиги ва Шарқий Хитой денгизидаги ҳарбий мавжудлиги муҳокама қилинган эди.
LiveБарчаси