Хитой ва Япония ТИВ раҳбарлари 3 йил ичида биринчи марта учрашди

Олам

image

Кеча, 2 апрель куни Япония ва Хитой Ташқи ишлар вазирлари икки давлат ўртасидаги кескинлик фонида уч йилдан ортиқ вақтдан бери илк музокаралар ўтказди. Бу ҳақда “Deutsche Welle” хабар берди.

Япония Ташқи ишлар вазири Ёсимаса Хаяси ҳамкасби Цинь Ган билан учрашувда япон фуқаросининг Пекинда ҳибсга олиниши ва Токионинг Тайвань яқинида ҳамда Япония атрофида Хитой ҳарбий фаоллиги кучайиб бораётганидан кучли хавотирини билдирган.

Япониянинг Astellas Pharma фармацевтика компанияси ходими бир ҳафта аввал Пекинда жосусликда айбланиб, ҳибсга олинган эди.

“Associated Press” нашрининг ёзишича, ҳеч бир томон унга қўйилган айблар ҳақида батафсил маълумот бермаган.

Япония ТИВ маълумотларига кўра, ҳозирда Хитойда беш нафар япон фуқароси ҳибсга олинган, улардан икки нафари аллақачон судланган ва айбдор деб топилган.

Цинь Ган бунга жавобан Хитой ишни қонунга мувофиқ олиб боришини айтган.

Шунингдек, Хаяси Хитойнинг ҳарбий фаоллиги, жумладан, Россия билан ҳамкорлиги ва Шарқий Хитой денгизидаги ҳарбийлари мавжудлигидан жиддий хавотир билдирган.

“Биз иккаламиз ҳам миллий хавфсизлик масалалари бўйича мулоқотни давом эттириш муҳимлигини яна бир бор тасдиқладик”, дейди Япония вазири.

Ўз навбатида, Цинь Ган Японияни Тайвань билан боғлиқ масалаларга аралашмасликка чақирган ва Токио ҳеч қандай тарзда Хитой суверенитетига путур етказмаслиги кераклигини айтган.

Ёсимаса Хаясининг таъкидлашича, келишмовчиликларга қарамай, икки давлат Жанубий Корея билан уч томонлама музокараларни давом эттиришга келишиб олгани муҳим ютуқдир.


Мақола муаллифи

Теглар

ТИВ Хитой Япония

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг