Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўлига қанча пулни Пекин тикаётгани очиқланди
Олам
−
16 Декабрь 5701 2 дақиқа
Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўл лойиҳасининг умумий қиймати 4,7 миллиард АҚШ долларига баҳоланмоқда. Лойиҳа қийматининг ярмини Хитой уч мамлакат иштирокида ташкил этилган компанияга 35 йиллик муддатга кредит сифатида ажратмоқда. Бу ҳақда “24.kg” хабар берди.
Қайд этилишича, бугун, 16 декабрь куни Қирғизистонда Бош вазир ўринбосари Бакит Торобаев иштирокида Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўл лойиҳасини молиялаштириш бўйича кредит шартномасини имзолаш маросими бўлиб ўтган.
Шартнома “Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўл компанияси” МЧЖ (қўшма лойиҳа компанияси), Хитой тараққиёт банки ва Эксимбанк каби Хитой банклари синдикати ўртасида тузилган.
Темир йўл лойиҳасининг умумий қиймати 4,7 миллиард долларга баҳоланмоқда. Маблағнинг ярми, тахминан 2,3 миллиард доллар, Хитой томонидан уч мамлакат томонидан ташкил этилган қўшма лойиҳа компаниясига 35 йиллик кредит сифатида тақдим этилади.
Бу сумма тўғридан-тўғри Хитой томонидан қайтарилади. Қолган 2,3 миллиард доллар уч мамлакат томонидан компаниянинг устав капиталига қуйидаги фоизларда қўшилади: Хитой (51 фоиз), Қирғизистон ва Ўзбекистон (ҳар бири 24,5 фоиздан).

Ҳужжатларни имзолаш маросимида сўзга чиққан Бакит Торобаев Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси ва қўшма лойиҳа компанияси ўртасидаги инвестиция шартномасининг асосий қоидаларидан бирига кўра, лойиҳани тўлиқ молиявий қўллаб-қувватлаш 2025 йил 20 декабргача амалга оширилиши кераклигини маълум қилган.
“Ушбу ютуқ юксак эътирофга лойиқ ва уч мамлакат томонидан ташкил этилган Қўшма Лойиҳа Компаниясининг халқаро даражадаги лойиҳаларни амалга оширишга тайёрлигини яққол намойиш этади”, дейди Қирғизистон Бош вазири ўринбосари.
Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўл компанияси бош директори Чжоу Синнинг билдиришича, қўшма лойиҳа компанияси нафақат жалб қилинган маблағлардан самарали фойдаланишга, балки келишув бўйича барча мажбуриятларнинг ишончли ва ўз вақтида бажарилишини таъминлашга ҳам эътибор қаратади.
Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўлининг қурилиши минтақадаги энг техник ва муҳандислик жиҳатидан мураккаб лойиҳалардан биридир. У умумий узунлиги 120 километр бўлган 50 та кўприк ва 29 та туннель қурилишини ўз ичига олади.
Бу шуни англатадики, бутун йўналишнинг тахминан 40 фоизи туннеллар ва кўприклар орқали ўтади. Қирғизистондаги темир йўлнинг умумий узунлиги 304 километрни ташкил қилади.
Эслатиб ўтамиз, Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилишига 2024 йил 27 декабрда старт берилган эди. Садир Жапаров “Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон” темирйўли қурилишига рамзий тош қўйиш маросимида иштирок этган.
Live
Барчаси