ХДП ва АСДП кураши: сайлов тугаб, машмашаси давом этмоқда

Таҳлил

image

Яқинда QALAMPIR.UZ таҳририятига халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши депутатлигига номзоди қўйилган Акмал Каримовнинг вакиллари мурожаат қилишди. Мурожаатда Акмал Каримов номзоди қўйилган 47-“Нурафшон” сайлов округида “ўйинлар” бўлгани маълум қилинганди.

Унда айтилишича, мазкур сайлов округида Халқ демократик партиясидан Акмал Каримов ва Адолат социал-демократик партиясидан Умид Шоумаров номзодлари кўрсатилган. Cайловда номзодларнинг ҳар бир сайлов участкасида ўз вакиллари бўлган. Сайлов тугагач, йиғилган бюллетенлар ҳисоблаб чиқилган. 

Одатда қайта сайловдан кейин уларни ҳисоблаш учга бўлинади: биринчи номзодга овоз берганларнинг, иккинчи номзодга овоз берганларнинг ва ҳақиқий эмас деб топилган сайлов бюллетенларини ҳисоблаш. Сайлов якунида сайлов қутилари очилиб, бюллетенлар саналгач, сайловчилар сайлов участкасида номзодларга қуйидагича овоз беришгани аниқланган. 

Сайлов участкаси рақами      Акмал Каримов     Умид Шоумаров
159-сайлов участкаси                        183                             109
160-сайлов участкаси                        102                              86
161-сайлов участкаси                        228                             182
162-сайлов участкаси                        592                             797
163-сайлов участкаси                        364                             298
164-сайлов участкаси                        594                             120
165-сайлов участкаси                        170                             327
166-сайлов участкаси                        616                             230
167-сайлов участкаси                        301                             489
168-сайлов участкаси                        213                              99
169-сайлов участкаси                        111                             137
170-сайлов участкаси                        274                             673

Якуний натижага кўра, Халқ демократик партиясидан Акмал Каримовга 3748 сайловчи овоз берган. Адолат социал-демократик партиясидан Умид Шоумаровга эса 3547 сайловчи овоз берган. Натижалар қайд этилган баённомаларга ҳар бир сайлов участкасидаги комиссия раиси, ўринбосари, комиссия котиби ва комиссия аъзолари имзо қўйган ва участка муҳри босилган. Барча далиллар биринчи тараф вакиллари томонидан таҳририятимизга тақдим этилди.

Аммо жорий йилнинг 7 январида эълон қилинган халқ депутатлари Тошкент вилоят Кенгашига сайлов округларидан сайланган депутатларнинг рўйхатида 47-“Нурафшон” сайлов округидан Умид Шоумаровнинг номини кўриш мумкин.

Кейин яна бир ҳолатга дуч келдик. 168-сайлов участкасида натижалар Акмал Каримов фойдасига 213:99 нисбатда турибди. Лекин бизда мавжуд бошқа ҳужжатда эса у Акмал Каримов зарарига 113:199 нисбатда ўзгартирилган. Буни 47-“Нурафшон” сайлов округи раиси Илҳом Ортиқбоев ҳам тасдиқлади. Лекин буни у ўзгартирмагани, бу фақат 168-сайлов участкасининг муҳри асосида ўзгартирилиши мумкинлиги, номзод Умид Шоумаров битта фарқ билан ютгани ва натижалар қаерда ўзгартирилгани ҳақида билмаслигини маълум қилди.

168-сайлов участкасидаги рақамлар ҳақида участка раиси бўлган Дилшод Каримовдан изоҳ олдик. У ҳам рақамлар  231:99 нисбатда бўлгани ва унинг участкасида Акмал Каримов ғолиб бўлганини айтди. Буни ўша ерда қатнашган аёллардан бири, участка комиссия котиби Салима Мусаева ҳам тасдиқлади. 

Бу ерда яна бир қизиқ жойи: агар натижалар Умид Шоумаров фойдасига 113:199 нисбатда бўлганида ҳам Акмал Каримов 3648 та овоз билан ютиши керак эди. Хўш, Умид Шоумаров қай тарзда сайловда ғолиб бўлди? Юқоридаги ҳолатлардан сўнг, ғолиб бўлган тараф Умид Шоумаров билан боғландик. Маълумотларга кўра, Умид Шоумаров АСДП Тошкент вилоят Кенгашига ҳам раҳбарлик қилади. Ундан умумий ҳисобда нечта овоз олиб ғолиб бўлгани, 168-сайлов участкасида неча нисбатда овоз йиққани ҳақида сўрадик.

“Мен мазкур ҳудудда 10 йилдан бери депутат сифатида фаолият юритиб келяпман. Округдаги маҳаллаларга анча фойдам тегди. Сув, электр, асфальт бўйича бир қанча муаммоларни ҳал қилишда ташаббус кўрсатганман. Мен ва депутатларим бу ишларнинг бошида турганмиз. Мен ишлаганман доим. Буни ҳар бир маҳалла раиси, ҳар бир ҳоким билади”, деди Шоумаров

Ундан сайлов якуни бўйича нечта овоз билан ғолиб бўлгани ҳақида сўраганимизда, унга берилган қарорда рақамлар келтирилмаганини билдирди. Сайловда айрим номзодлар пул билан ютишга ҳаракат қилгани, лекин ўта олмаганини таъкидлади. Умид Шоумаров шунингдек, унда мазкур сайловдаги “уйинлар” юзасидан етарли асослар мавжуд экани ва тегишли идоралардан келишса, далиллар ва гувоҳларни ҳам бемалол ҳавола эта олишини билдирди.

Бу ерда ўз-ўзидан бир нечта саволлар пайдо бўлмоқда: 47-“Нурафшон” сайлов округида қайта сайлов қонуний асосда ўтганми? Агар сайлов бюллетенлари сони бўйича Акмал Каримов ғолиб бўлган бўлса, нега Умид Шоумаров депутат сифатида расман эълон қилинди? Мурожаатчилар 168-сайлов участкасидаги натижалар кейинроқ ўзгартирилган бўлиши мумкинлигини айтишмоқда. Юқорида масъуллар буни улар қилмаганини айтишди. Унда натижалар ким томонидан ўзгартирилган бўлиши мумкин? Умид Шоумаров сайлов вақтида номзод Акмал Каримов томонидан маблағ сарфлангани ва далиллар етарли эканини айтмоқда. Бу қанчалик ҳақиқат? Умид Шоумаров буни исботлай оладими? Ички ишлар вазирлиги ҳамда Бош прокуратура мазкур ҳолатда қай даражада масалани чуқур таҳлил қилиб айбдорларни жазолайди?

Ўзбекистон Руспубликаси Бош прокуратураси, Ички ишлар вазирлиги, Марказий сайлов комиссияси ва бошқа масъул ташкилотлардан юқоридаги ҳолат бўйича текширув ўтказишларини сўраб қоламиз. 

Ҳозирча QALAMPIR.UZ сайти воқеалар ривожини кузатади.
 


Мақола муаллифи

Теглар

сайлов ХДП АСДП

Баҳолаганлар

158

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг